ЁШЛАР, ҚАНДАЙ ТАКЛИФ БОР?
Туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Муҳаммадаюбхўжа Апақов Бирлашган маданият марказида ёшлар вакиллари билан учрашди, уларнинг таклиф ва муаммоларини тинглади. Хусусан, Кесканёр МФЙда яшовчи Моҳизода Муродиллаева туман ёшлари учун алоҳида нашр ташкил этиш, 7-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Аҳмадали Насибжонов мактабларда чақириққача ёшларни тайёрлаш дарсларида фойдаланиш учун махсус майдончалар бўлиши, 38-мактаб ўқувчиси Расулбек Зокиржонов Оқтош МФЙда жойлашган ёдгорликни таъмирлаш, Ғайрат МФЙда яшовчи Муслима Ҳожимирзаева туманда босмахона очиш, Кесканёр МФЙдан Шарифжон Асқаралиев тиббий жиҳозлар учун имтиёзли кредит олиш масаласида амалий ёрдам сўрашди ва ўз таклифларини билдиришди. Шунингдек, бошқа масалаларда ҳам бир қатор мурожаатлар бўлди. Уларнинг ечими бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус бўйича 7-мактаб ўқувчилари бадиий чиқишлар намойиш этишди. Туман маданият бўлимига қарашли «Бирлашган наволари» бадиий ҳаваскорлик жамоаси маданий хизмат кўрсатди. Спортчиларнинг кўргазмали чиқиши, ёш ижодкорлар – Андижонда ўтказилган «Энг яхши шеър» танлови ғолиби, 7-мактабнинг 3-«Б» синф ўқувчиси Лазизбек Неъматиллаев ҳамда 36-мактаб ўқувчиси Покиза Аҳмаджонованинг ўз шеърларидан ўқиган намуналари барчага манзур бўлди. Лазизбек Неъматиллаевнинг «Ватанимга камарбастаман» номли илк китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Туманимиз раҳбари ёш ижодкорларга совғалар топширди.
Шу куни туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринларининг «Меҳнат ярмаркаси» ҳам ўтказилиб, ишсиз ёшларга турли йўналишларда иш ўринлари таклиф қилинди. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан тадбиркорлик ва ҳунармандчилик йўналишидаги кўргазмалар намойиши тадбир иштирокчиларида бу соҳага бўлган қизиқишни янада оширди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши фаоллари иштирокида кўчат экиш акцияси ҳам уюшқоқликда ташкил этилди.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
******
45-мактабда бўлган учрашувда 2-сектор ҳудудидаги барча маҳаллалардан келган ёшлар ўзларини қийнаб келаётган муаммоларини туман ҳокими М.Апақов ҳамда туман прокурори, 2-сектор раҳбари У.Номановларга маълум қилишди. Учрашув жараёнида 29-мактабга ўқувчилар овқатланиши учун ошхона, 11-мактабга спортзал, Ёркатай МФЙ ҳудудига сунъий қопламали майдон қуриш бўйича таклифлар билдирилди. Ҳар бир мурожаатга учрашувда иштирок этган мутасадди ташкилотлар раҳбарлари томонидан жавоб қайтарилди. Баъзи муаммолар ўз жойида бартараф этилди. 11-мактабга бадиий адабиётлар совға қилинадиган бўлди. Муаммолардан ташқари, ёшлар ўз лойиҳаларини амалда татбиқ этишда сектор раҳбарларидан кўмак сўрашди.
Тадбир доирасида туман маданият маркази қошидаги «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли ҳамда 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг «Дуторчи қизлар» ансамбли истеъдод эгалари иштирокида дастур намойиш этилди. 45-мактаб ўқувчилари томонидан кўргазмали чиқишлар қилинди. Шунингдек, тадбир доирасида ёшлар вакиллари Ёркатай ҚВП биносида тиббий кўрикдан ўтказилди. Ёшларни давлат органлари билан таништириш мақсадида жиноят ишлари бўйича туман суди ҳамда туман ДСИга ташриф уюштирилди.
Шу куни туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринларининг «Меҳнат ярмаркаси» ҳам ўтказилди. Фан олимпиадалари ғолиблари ҳамда спортчи ёшлардан бир гуруҳига туман прокуратурасининг «Ташаккурнома»лари топширилди.
Илҳомжон АЛИМАТОВ, туман прокурорининг катта ёрдамчиси.

