МУШТАРАК МАҚСАДЛАР МУЖАССАМ
Юртбошимизнинг 24 январь кунги мамлакатимиз Парламентига йўллаган Мурожаатномасида 2019 йил якунлари, 2020 йилги устувор йўналишлар, иқтисодиёт, бизнес, ижтимоий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисида сўз борди.
Хусусан, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилиниши, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозимлиги, «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастурини ишлаб чиқиш ишлари якунланиши ҳамда ушбу йўналишда ҳукумат ва парламент назорати кучайтирилиши таъкидланди.
Жорий йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляцияни жиловлаш, тармоқларни монополиядан чиқариш, давлат томонидан нархлар белгиланишини тартибга солишни бекор қилиш ва «яширин иқтисодиёт»га барҳам бериш, бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назорат янада кучайтирилиши асосий вазифа этиб белгиланди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йилига 1 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушаётгани халқ билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқишни талаб этгани сабабли энди давлат идоралари раҳбарлари ва ҳокимларнинг ушбу мурожаатларни қай даражада ҳал этилаётгани бўйича ҳисоботини Парламент ва халқ депутатлари кенгашларида мунтазам эшитиш тизими йўлга қўйилиши, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадини тақсимлаш, нафақа олувчиларни адолатли белгилаш, ижро органлари раҳбарлари ишига баҳо бериш бундан буён Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида амалга оширилиши ҳақида гапириб ўтди.
Шунингдек, ҳар бир депутат Халқ қабулхоналари билан доимий ишлаб, ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тингласагина депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқиши, халқнинг ишончини оқлаши ва меҳрини қозониши таъкидланди.
Х.ТЎЙЧИБАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Уйчи туманидаги Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси.

