ТАДБИРКОРЛАРГА БЕРИЛГАН ЕНГИЛЛИК ВА ТЎЛОВ ИНТИЗОМИ

Шу йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси (янги таҳрирда) амалга киритилди. Бундан кўзланган асосий мақсад, албатта, солиқ соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, солиқ тизими тармоқларини тубдан ислоҳ қилиш, тадбиркорларга қулайликлар яратиш, қонунчиликда юзага келган бўшлиқларни тўлдиришдан иборатдир.

Кодексда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, шунингдек, солиқлар бўйича пасайтирилган ставкалар қуйидаги муддатларда амал қилади:

Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрдаги Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан тақдим этилган ва белгиланган имтиёз ва ставкалар 2020 йил 1 апрелгача;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тақдим этилган имтиёзлар ва ставкалар, уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар.

Солиқ кодекси таркибидан «Давлат божи», «Товарларнинг айрим турларини (алкоголли ичимликлар) сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар» бўлимлари чиқарилди, улар «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг алоҳида Қонунида назарда тутилади. Бир марталик хусусиятдаги махсус тўловлар бўлган ер қаъридан фойдаланувчилар учун бонуслар (имзоли бонус ва тижоратбоп бонус) Солиқ кодексидан «Ер қаъри тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўтказилади.

Солиқ тўловчилар 2020 йил 1 апрелгача 2020 йилга солиқ солиш мақсадлари учун ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишлари шарт. Солиқ мақсадлари учун ҳисоб-китоб сиёсати солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда ихтиёрий шаклда белгиланади ва раҳбарнинг буйруғи билан тасдиқланади.

Қуйидагилар учун махсус солиқ режимлари бекор қилинди:

а) бозорлар учун, уларни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказган ҳолда 2020 йил 1 январдан бошлаб бозорлар аввалги солиқ тўлаш тартиби (даромаднинг 50 фоизи) ўрнига қуйидагиларни тўлайди:

-умумдавлат солиқларини (агар реализация ҳажми 2019 йилда 1 миллиард сўмдан ошган бўлса), юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва 20 фоизли оширилган ставкада фойда солиғи;

-айланмадан солиқни (реализация ҳажми 1 миллиард сўмдан кам бўлганда), шунингдек, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни;

б) концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун, уларга жисмоний шахслардан даромад солиғини тўлашни киритган ҳолда.

Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун айланмадан солиқ (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда) ёки умумбелгиланган тартибда тўланган солиқлар (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан ошганда) киритилади.

Осимжон САДИКОВ, Учқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси.