АҲОЛИНИ УЙ-ЖОЙ БИЛАН ТАЪМИНЛАШДАГИ ЯНГИ ТАРТИБ

Ипотека кредитлари бериш кўламини янада кенгайтириш, хусусий пудрат ташкилотларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрь куни «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5886-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонга асосан, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилди, унга мувофиқ:

-ипотека бозорини узоқ муддатли ресурслар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги пул маблағларини тижорат банкларига 15 йил муддатга бозор шартлари асосида жойлаштиради;

-тижорат банклари аҳолига ўз маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитларини тақдим этади;

-Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари бозор ставкаси бўйича, битта қарз олувчига бериладиган кредитнинг чекланган миқдори белгиланган ва қарз олувчига уй-жойнинг жойлашган жойи ва майдонини мустақил равишда танлаш ҳуқуқи берилган ҳолда тақдим этилади;

-айрим шахсларга, шу жумладан, кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланади.

Янги тартиб доирасида субсидиялар:

-қишлоқ жойларда – биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун – 10 фоизлик пунктдан ошмаган қисмига;

-шаҳарларда – дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун – Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошмаган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошмаган қисмига тўланади.

Фармонда 2020 йил мартдан бошлаб субсидиялар олиш учун аризалар Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилиши белгиланди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу янгилик фуқаролар томонидан турлича талқин қилинмоқда ҳамда «энди янги уйларга ДХМ орқали навбатга ёзиламиз экан», -деган нотўғри тасаввурни келтириб чиқармоқда.

Аслида эса бундай эмас. Ушбу янги уйингиз учун ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия (қайтариб бермаслик шарти билан қарз) олиш Марказлар орқали амалга оширилиши режалаштирилган. Уй олиш истагида бўлган фуқаролар пудратчи ташкилот билан ўзаро келишиб, шартнома тузадилар.

Шамсиддин МАҲАММАДАЛИЕВ, туман Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси.