БАҲОР КУЙЧИСИ
Халқимизнинг фахру ифтихори, баҳор, гўзаллик ва нафосат куйчиси Зулфияхоним эзгулик ва инсоний қадриятлар тараннум этилган бетакрор шеърлари билан қалбларимиздан мангу жой олган.
Байрамлар фасли баҳорнинг илк куни – 1 март – Зулфияхоним таваллуд санаси ҳар йили катта тантаналар билан нишонланади.
Шу муносабат билан шоира Зулфия тавуллудининг 105 йиллигига бағишлаб 1-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Дилфуза Низамова бошчилигидаги «Навоий ворислари» тўгараги ўқувчилари ҳамда туман ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида «Зулфияхонимни ёд этиб» номли адабий кеча ўтказилди. Кутубхона томонидан шоира асарлари асосида мавзули китоблар кўргазмаси ҳам тадбирга ўзгача кайфият бахш этди. Айниқса, Раънохон Иброҳимова, Насиба Муталлиева, Азизбек Аҳмаджонов, Мафтуна Юсупова, Маҳлиё Охундадаева каби ўқувчиларнинг Зулфия шеърларини ифодали ўқиши барчага манзур бўлди. Тадбирда шоира ҳаётини акс эттирувчи саҳна кўринишлари ҳам намойиш қилинди. Шунингдек, ўқувчилар томонидан баҳор ва ёшликни тараннум қилувчи куй-қўшиқлар, сержило рақслар ижро этилди.
Жамила ПЎЛАТОВА, туман АКМ хизмат раҳбари.

