РОВОТДА УЛОҚ-КЎПКАРИ

Улоқ-кўпкари – Ўрта Осиё халқларининг қадимий, оммавий, миллий ўйинларидан бири. Бу ўйин анъанавий тарзда туманимизда ҳам давом этаётгани қувонарлидир. Ўтган шанба куни «Қодиржон Баҳодир боғи» фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Қозираҳимов ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллар самарали фаолият кўрсатган Қодиржон Қозираҳимов хотирасига бағишлаб улоқ кўпкари бўлди.

Қодиржон ака ўзининг камтар ва самимийлиги билан ровотликларнинг қалбидан муносиб жой олган инсон. Умр йўлдоши Қорасоч ая (умрлари узоқ бўлсин) билан уч ўғил ва уч қизни камолга етказишди. Наргиза, Нодира, Ирода, Баҳодир, Баҳромжон, Сардорбеклар ҳаётда ўз ўринларини топишди. Бугунги кунда Баҳодир ва Баҳромжон ота ишини давом эттиришмоқда. Қодиржон ака ҳаёт бўлганида шу кунларда қутлуғ етмиш ёшни қарши олардилар. Оталари руҳини шод этиш мақсадида ташкил этилган улоқ-кўпкарида Чортоқ, Учқўрғон, Уйчи туманларидан ташқари қўшни вилоятлардан ҳам чавандозлар қатнашишди. 6 миллион сўмга яқин совринлар қўйилди. Катта байрамга айланган улоқ-кўпкарида совриндорлар тақдирланди.