САМИМИЙ МУЛОҚОТЛАР

Кеча туманимизда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Одил Атаходжаев ёшлар вакиллари билан учрашди, ижтимоий соҳа объектларида бўлди, 3-сектор фаолияти билан яқиндан танишди.

Дастлаб «Шуҳрат» медали соҳибаси Одина Абдуллаева раҳбарлик қилаётган «Жажжи профессор» нодавлат мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюрилди. Бу ерда муассаса кичкинтойларига яратилган шарт-шароит, олиб борилаётган таълим-тарбия ишлари меҳмонларга ҳам манзур бўлди. Жажжилар томонидан тайёрланган бадиий дастур чуқур таассурот қолдирди.

1-БЎСМда спортчи ёшлар вакиллари билан бўлган учрашув ҳам ҳаяжонли кечди. Бу ерда спортнинг бир неча тури бўйича чемпионликка эришган ёшларга эсдалик совғалари тақдим қилинди.

Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида бўш иш ўринларининг «Меҳнат ярмаркаси» ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус, ҳунармандилик, пазандачилик бўйича кўргазмалар ташкил этилди. Туман мактабгача таълим бўлими ширинтойларининг саҳна кўринишлари барчанинг эътиборини тортди. Коллеж фаолар залида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Одил Атаходжаев, туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, туман ИИБ бошлиғи, подполковник Ғайрат Ғаниев ёшларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтардилар. Бу ерда таълим, спорт ва санъат соҳасида ютуққа эришаётган ўқувчиларга эсдалик совғалари, бир гуруҳ ёшларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти топширилди. Тадбир 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби истеъдод эгаларининг концерт дастури билан якунланди.