УСТОЗ – ШОГИРД АНЪАНАСИ

Кечагина ёш кадр сифатида мактаб остонасидан қўрқа-писа кириб келганим ҳамон ёдимда. Устозлар этагидан тутиб, аста-секин «оёққа» турдим.

Қарангки, кўз очиб юмгунча, тажрибали педагоглар сафидаман. Бугун масканимизга ишга келган ёш ўқитувчилар турли масалаларда мурожаат қилишади. Уларга маслаҳат ва тавсияларим асқотишидан бошим осмонга етади.

«Устоз – шогирд» анъаналарига мувофиқ кўпроқ кўргазмали дарслар ташкил этишимга тўғри келади.

Яқинда ўзим раҳбарлигимдаги 4-«Б» синфда ўқиш фанидан «Хатарли учрашув» мавзусидаги очиқ дарсимни тақдим этдим. Янги педагогик технологиялар, дарс методларидан фойдаланган ҳолда ташкил қилинган ушбу машғулотимни кузатган ҳамкасбларим ўзлари учун янги йўналишлар кашф этганликларини айтишди.

Ўз навбатида, дарсдан кейин ўтказилган муҳокамада ёшлар тажрибали устозлардан ўрганиш чоғида уларни такрорламаслик, ўз услубларини топишлари зарурати хусусида фикр-мулоҳазалар билдирдим.

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, 29-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.