ЧОРВАЧИЛИК РИВОЖИ ЙЎЛИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январда «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4576-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш халқимизни арзон ва сифатли гўшт ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади.
Маълумки, ҳудудлардаги ишларнинг ҳозирги ҳолати мазкур тармоқ корхоналарини қўллаб-қувватлаш, озуқа базасини кўпайтириш, наслчиликни яхшилаш, шу жумладан, сунъий уруғлантиришни ривожлантириш ва наслчилик хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида аниқ комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда.
Халқимизнинг чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу тармоқда илмий ёндашувлар ва илғор замонавий технологияларни кенг жорий этиш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп чорва маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни янада рағбатлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва даромадни кўпайтириш мақсадида туманда чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга давлат томонидан қуйидаги тартибда субсидия ажратилади:
-туман ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолларнинг ҳар бир бошига 1 миллион сўм миқдорида;
-хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолларнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида.
2020 йилда сотиб олинадиган наслдор қорамоллар учун ажратиладиган субсидиянинг умумий суммаси:
-Республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олиш учун 10 миллиард сўм миқдорида;
-хорижий давлатлардан импорт қилиш учун 40 миллиард сўм миқдорида;
-қўй ва эчкиларни импорт қилиш учун ажратиладиган субсидиянинг умумий суммаси 6 миллиард сўм миқдорида белгиланди.
Республикамизда чорвачилик, наслчиликни ривожлантириш соҳасида етарли даражада шарт-шароитлар яратиб берилган. Туманда 13 та наслчилик мақомига эга хўжалик бўлиб, уларда жами 1475 бош наслли қорамол мавжуд. Шундан 883 боши наслли сигир. Кейинги 5 йилликда наслчилик хўжаликлари томонидан ривожланган давлатлардан келтирилган 954 бош наслли қорамол ҳозирги кунда парвариш қилиб келинмоқда.
Хусусан, туманда 2020 йилда чорвачилик хўжаликларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва кенг кўламда имкониятлар яратилмоқда. Натижада янги иш ўринлари ҳамда аҳолига гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб бериш ортиб бормоқда.
Буларнинг барчаси замирида халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлишидек эзгу мақсад мужассамдир.
Умаржон РАСУЛОВ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўйича туман бўлими катта инспектори.

