ЯНГИЛИККА ИНТИЛИБ…
Маълумки, дарсларни таълимнинг турли технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда ташкил этиш, ўқувчи қизиқишларини инобатга олиб, мустақил таълим материалларидан унумли фойдаланиш машғулотларнинг янада мазмунли ҳамда қизиқарли бўлишини таъминлайди.
Математика (риёзиёт) фани нақадар жиддий, аниқ, салобатли ва ҳар қадамда, ҳар ишда керак бўлишини эътироф этмайдиган маълумотли одамни топиш жуда қийин. Ўқитувчи ўқувчини шахс сифатида шакллантиради, инсон деган номга лойиқ қилиб тарбиялашдек нозик, мураккаб, масъулиятли вазифани амалга оширади. Математика фанини ўзлаштиришда ўқувчиларнинг ўзини эркин тутиши, фикрлаш қобилиятини ўстиришнинг энг асосий омилларидан бири уларнинг шу фанга бўлган қизиқишини уйғота билишдир.
Февраль – «Математика-информатика фанлари ойлиги» муносабати билан мактабимизда «Таълим жараёнида ўқувчиларда креатив фикрлашни шакллантириш усуллари» мавзусида ўтказилган туман семинари кузатувчилар томонидан таҳлил қилинди. Математика фани ўқитувчилари А.Турсунов, Г.Каримова, Н.Убайдуллаева, Г.Жакбаровалар томонидан синфларда ўтказилган дарслар, информатика фани ўқитувчиси У.Асқарова ташкил этган «Аниқ фанлар – ҳаётда» деб номланган тадбир иштирокчиларга завқ бағишлади.
Зулфия ДАМИНОВА,
36-мактабнинг математика фани ўқитувчиси.
******
Фан ойлиги доирасида бошланғич синфларда ўтказилган семинарда 2-«А» синф раҳбари Раънохон Иминованинг «Бир хонали сонларни кўпайтириш жадвали», 2-«Б» синфда Манзура Салимованинг «Юз ичида кўпайтириш ва бўлиш», 2-«В» синфда Нигора Абдуғаффорованинг «Бир хонали сонларни кўпайтириш жадвали», 3-синфларда Феруза Мирзахолова, Феруза Бойтўраеваларнинг «Маҳражи 2, 4, 8 бўлган касрлар», 1-«Г» синфда Гулчеҳра Қосимованинг «Оғирлик ўлчов бирлиги. Килограмм» мавзуларидаги очиқ дарслари туман миқёсида оммалаштириладиган бўлди. Семинар давомида Райҳона Абдуллаева томонидан «Математика ва ҳаёт» мавзусида илмий маъруза ўқилди, Нодира Аҳмедова томонидан эса «Беш ташаббус – беш имкон» мавзусида тадбир ташкил этилди.
Дилноза АҲМЕДОВА, туман ХТБ бошланғич таълим методисти.

