БИЗНИНГ ДИРЕКТОР

Мактаб нимадан бошланади? Кимдир биринчи қўнғироқдан, кимдир алифбодан, -дейди. Менимча, мактаб директордан бошланади. Айнан директор ўзи саҳнада кўринмаса ҳам, ажойиб спектаклнинг муаллифи бўлган режиссёр кабидир. Унинг роли жуда кўп ҳолларда маъмурийдан кўра ижодийдир.

«Хўш, бизнинг директоримиз қандай раҳбар?» -деган саволни ўзимизга бердик. Баҳодир Бобомирзаевни ҳамкасблари ҳурмат қилади, жамоадагилар яхши кўради, раҳбарият қадрлайди. У оқкўнгил, адолатли, хушмуомала, қувноқ… Аслида булар ҳаммаси раҳбаримизнинг бир жиҳати, холос. У Ёрқўрғонда туғилиб-ўсди, шу ерда мактабни битирди. Кейин Украинанинг Каменец-Подольский шаҳридаги олийгоҳни рус тили ва адабиёти ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлади ва жонажон мактабига ўқитувчи бўлиб қайтди. Бу яқиндагина бўлганга ўхшайди. Лекин шунга ҳам 26 йил тўлибди. 14 йилдан бери мактабга раҳбарлик қилиб келмоқда. Барча ютуқ ва муваффақиятларимиз унинг номи билан боғлиқ.

Муболағасиз айтиш мумкинки, мактаб – унинг ҳаёти, ташвиши, қувончи. Уни нафақат яхши ўқитувчи ва директор, балки  яхши жамоатчи, маҳаллада ўз ўрнига эга ҳурматли инсон сифатида биламиз. Баҳодир ҳар қандай ўқитувчининг кўнглига йўл топа билади. Керак пайтда керакли сўзни айта олади. Унинг сўзлари ҳеч кимни хафа қилмайди, аксинча, энг тартибсиз ўқувчининг ҳам хатоларини кўришга, ўз устида ўйлашга мажбур қилади. Мақтовга арзийдиганлардан мақтовини аямайди. Ўқитувчилардан ҳар куни ишларига ижодий ёндашишларини талаб қилади. Замонавий раҳбар сифатида ўқув-тарбия жараёнига янгиликларни киритишдан чўчимайди. Жамоа унинг ғамхўрлигини ҳис этиб туради, барча оғирликни ўзига олиб, ўқитувчиларни ортиқча ташвишлардан халос қилиб, уларга ишлаш учун зарур шароитларни яратиб беришга  ҳаракат қилади. Натижа  ҳам шунга яраша бўлмоқда. Яқинда халқ унга ишонч билдириб, туман Кенгашига депутат этиб сайлагани ҳам бежиз эмас.

Гулнора ТУРСУНОВА, 38-мактаб ўқитувчиси.