ДЕПУТАТНИНГ БИР КУНИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова ташаббуси билан «Янги Ўзбекистон – бахтли инсонлар мамлакати» шиори остида «Халқ саломатлиги – юрт фаровонлиги» мавзусида туманнинг чекка ҳудуди ҳисобланган Янгиҳаёт МФЙда тиббий кўрик ташкил этилди.
Кун давомида маҳалланинг 126 нафар аҳолиси вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда туман тиббиёт бирлашмасининг педиатр, окулист, терапевт, акушер-гинеколог, эндокринолог, невропатолог каби мутахассислари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, УЗИ, ЭКГ ва лаборатор текширувлари ҳам шу ернинг ўзида амалга оширилди. Тиббий кўрикдан ўтказилганларнинг 18 нафарини болалар ва 71 нафарини туғиш ёшидаги аёллар ташкил қилди. 40 ёшдан 60 ёшгача бўлган аёлларда кўкрак саратонини эрта аниқлаш мақсадида маҳалланинг 22 нафар аёли вилоят онкология диспансерига махсус автобусда маммоскрининг текширувидан ўтиш учун юборилди. 37-қишлоқ оила поликлиникаси шифокорлари ва тор доирадаги соҳа мутахассислари ҳамда оила ҳамширалари томонидан аниқланган касалликлар бўйича келгусида соғломлаштириш ва назоратга олиш режалари белгиланди. Куннинг иккинчи ярмида томорқадан унумли фойдаланишни кенг тарғиб этиш мақсадида Ўнҳаят МФЙда яшовчи Илҳомжон Машрабов хонадонига ташриф буюрилди. Учрашув сўнгида хонадон эгасига томорқа борасидаги қўлланмалар топширилди.

