ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ҲАМДА ИНТЕРФАОЛ УСЛУБЛАР

Ҳозирда ахборот технологиялари ва интерфаол услубларни ўқув жараёнида қўллашга бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири шу вақтгача анъанавий таълимда ўқувчилар тайёр билимларни эгаллашган бўлса, замонавий технологиялардан фойдаланиш эса уларнинг олаётган билимларини ўзлари қидириб топиши, мустақил ўрганиш, фикрлаш, таҳлил қила олиш ва, энг асосийси, якуний хулосаларни келтириб чиқара олишга ўргатади. Ўқитувчи бу жараёнда шахс ривожланиши, шаклланиши ва билим олишига шароит яратади. Шу қаторда бошқарувчилик, йўналтирувчилик функциясини бажаради.

Бугунги кунда таълимда «Ақлий ҳужум», «Фикрлар ҳужуми», «Тармоқлар» методи,  «Синквейн», «Кичик гуруҳларда ишлаш», «Охирги сўзни мен айтай», «Қорбўрон» ўйини, ФСМУ, «Арра» каби интерактив услублар таълимда кенг қўлланилмоқда.

«Бумеранг», «Арра» услубларида бошланғич синфларда жамоавий шаклланиш, жамоада фаолият олиб бориш, ўқувчилар орасида ҳурмат, бир-бирининг фикрини эшитиш, қўллаб-қувватлаш каби ижобий хусусиятлар шаклланади.

Чархпалак усулидан 1-синфда алифбони ўрганиш даврида кенг фойдаланилади. Бу жараёнда тасаввурий онг ривожланади. Интерфаол услубларнинг деярли барчаси кўрсатмали бўлиб, уларнинг бола ёдида қолиши ҳам анча осон бўлади. Хитой халқида бир нақл бор: «Айтиб бер – унутаман, кўрсат – тушунаман, бу нарсани ўзим бажаришим учун шароит ярат ва мен ўрганаман». Яъни юқоридаги фикр билим, кўникма, малака пайдо бўлиш жараёнлари шаклланишининг қисқа ифодасидир.

Роҳатой ДОЛИМОВА, 19-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.