МЎЪТАДИЛ МАЗҲАБ
Ватанимиз мусулмонлари азалдан эътиқод ҳамда ҳуқуқ масалаларида ҳанафий мазҳабига амал қилади. Қуйида ислом оламида юксак ўрин тутган ҳанафий мазҳаби ва унинг асосчиси ҳақида баён қилмоқчимиз.
Ҳанафия дунёда энг кенг тарқалган мазҳаб бўлиб, манбаларга кўра, ҳозирги кунда унга 600 миллионга яқин, яъни дунё мусулмонларининг деярли ярми эргашади. Бу мазҳабнинг оламда кенг тарқалишига сабаб, аввало, унинг халқчиллиги бўлса, иккинчидан, ислом тарихидаги аксарият ҳукмдорлар ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишда шу мазҳаб қоидаларига суянишган. Амир Темур ва бобурийлар давлатларида ҳам динга тааллуқли ишлар ҳанафий мазҳаби асосида юритилган.
«Имоми Аъзам таълим ва тарғиботларни шогирдлари билан бамаслаҳат олиб борган. Қайси бир масала имомлар ўртасида маслаҳат билан ҳал этилар экан, шу мазҳаб афзал ва савоблироқдир» («Маноқиби Имоми Аъзам»).
Ҳанафий мазҳаби ислом динидаги тўрт мазҳаб ичида мўътадил ва дин тарғиботида куч ишлатмасликни ҳимоя қилади. Мусулмонларни ўзаро тинч-тотув яшашга, раҳбарларга итоатда бўлишга, ғайридинларга нисбатан зўравонлик ўтказмасликка, бошқа динларга ҳурмат кўрсатишга чақиради. Бу мазҳабнинг гуноҳ ва савоб тушунчаси ҳам умуминсоний қоидалар асосида шаклланган бўлиб, унда қотиллик, ичкилик, гиёҳвандлик, судхўрлик (рибо), ширк ва туҳмат-бўҳтон кабилар оғир гуноҳлардан ҳисобланади.
Хулоса шуки, ислом дини кишиларни бир-бирларига нисбатан меҳр-оқибатли бўлишга чақириш билан бирга, уларни динидан, миллатидан қатъи назар, ўзаро ҳурматда бўлишга ундайди. Бу нарса, ўз навбатида, жамиятнинг бирлигини, фуқаролар орасида дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Билолхон РАҲИМОВ, «Хизиробод» жоме масжиди имом хатиби.

