ЁШЛАР КАМОЛОТИГА КАМАРБАСТА
Миллий қўшиқчилигимизда эстрада йўналиши нисбатан кечроқ кириб келган турлардан ҳисобланади. Айниқса, гитара чолғу асбоби жўрлигида қўшиқ куйлаганлар нафақат юртимиз, балки жаҳон мусиқа оламида ҳам у қадар кўп эмас. Истеъдодли ва умидли хонанда, тумандаги 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Носиржон Мирзабоев қўшиқчиликнинг ушбу йўналишида ижод қилаётган ва ёшларга сабоқ бераётган тумандаги ягона мутахассислардан саналади.
Абдураҳмон ака ва Иноятхон опа Мирзабоевлар хонадонида ўсиб-улғайган 8 фарзанднинг олтинчиси бўлиб дунёга келган Носиржон болалигидан хонандаликка астойдил қизиқди. Тенгқурларига нисбатан у бошқачароқ фикрларди. Яъни, ёш санъатсеварлар кимгадир тақлид қилиш, кимнидир такрорлашга зўр бериб интилишарди, Носиржон эса бошқалардан мутлақо фарқ қиладиган оригинал йўлни топишга уринарди. Бу мақсад уни туман маданият саройи қошидаги вокал чолғу ансамблига етаклаб келди. Ўша кезлари у тумандаги 1-мактабда ўқирди. Мактабни тамомлагунча қадар, 1992 йилгача шу ансамблда санъат сирларини пухта эгаллади. Сўнгра Наманган санъат коллежида сабоқ олиб, маҳоратини оширди.
-Ушбу билим даргоҳига ишга келганимда бугунгидай шарт-шароитлар ухлаб тушимизга ҳам кирмаган, -хотирлайди Носиржон. -Таъмирталаб, зах, ёрилиб кетган, томидан чакка ўтадиган қоронғи хоналар, чолғу асбоблари, кўргазмалар йўқ ҳисоби. Барчанинг ишидан кўнгли тўлмай, ўзини уёқ, буёққа урган кезлари кечагидай ёдимда…
Яқин ўтмишнинг бу нохушликлари Носиржонни ўз мақсади сари интилишидан оғдира олмади. Ёш ижодкор сабр қилди. Барча фидойи санъат аҳли каби бардош билан ёруғ кунларни кутди. Бугун у эрта-ю кеч тиним билмай, бор маҳоратини ёш авлодга ўргатиб келаётгани, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётгани яратилган шарт-шароитларга шукроналик белгисидир.
Яқинда масканнинг концертлар залида Н.Мирзабоевнинг шогирдлари тайёрлаган мусиқий кеча уюштирилди. Бу ўқув йили давомида қилинган ишларнинг ҳамкасблар ва ота-оналар олдидаги ҳисоботи мисолида намоён бўлди. Саҳнага чиқаётган ҳар бир ўқувчи турли кўрик-танловларнинг вилоят, республика миқёсида, ҳатто халқаро саҳналарда ғолибликни қўлга киритган ёшлар. Томошабинлар уларнинг ҳар бирини олқишлар билан қарши олиб, кузатишмоқда. Репертуардан ўзбек, рус, турли хориж куй-қўшиқлари ўрин олган. Улар орасида Ҳ.Каримжонов, М.Мавлонов, А.Давлатов, Б.Тожибоев, И.Иброҳимжонов, Ш.Собиржоновларнинг жонли ижролари омма эътиборини тортди. «Аскар мактуби», «Я играю на гармошке», «Тинчлик учун», «Сольнўшко» қўшиқларига бутун зал жўровоз бўлди.
Ушбу манзарадан тўлқинланиб кетган устоз Носиржон Мирзабоев:
-Шундай кезларда бор чарчоғинг, машаққатли меҳнатинг, заҳматларинг чиқиб кетиб, қалбинг шу қадар енгил тин оладики, мана шу туйғуни яна бир бор ҳис этиш учун санъат йўлида бор куч-ғайратингни сарфлаб ишлайсан, киши, -дейди қувониб.
Ҳа, бу гаплар чинакам санъат шайдоси, ҳақиқий устознинг дил изҳори, десак, асло муболаға эмас.
Шу куни Носиржонга яқиндан ёрдамлашган ҳамкасби Бахтиёр ака Абдухалиловнинг мана бу фикрларига бир эътибор қилинг-а:
-Носиржон шу қадар иштиёқ билан бир ишга киришадики, ундан тўлқинланиб, беихтиёр шу жараён иштирокчисига айланиб қолганимниям сезмай қоламан. Унинг ўқувчилари кейинги йилларда эришган ютуқлари ўз-ўзидан бўлмаган. Ҳар бирининг ортида устознинг узилган асаб торлари, беҳисоб энергияси, қолаверса, умри сарфланган. Мен Носиржоннинг кейинги ижодий ишларига парвозлар тилаб, ёш ҳамкасблари унга эргашишларини истаб қолардим.
…Носиржон очиқкўнгил, дилкаш йигит бўлгани боис, уни кўпгина давраларга чорлаб туришади. Байналмилалчи жангчи-фахрийлар давраси Носиржонсиз мутлақо татимайди. Унинг ижросида янграган Владимир Вўсоцкий, Александр Розенбаум, Михаил Шуфутинский, Олег Газманов, Николай Расторгуев қўшиқларидан тузилган «гулдаста» даврани сармаст этади. Ўша олис суронли афғон тупроғи сари хаёлан етаклайди, ўлим билан юзма-юз келган дамлар, у ердан омон қайтмаган сафдошлар, дўстларнинг мангу навқирон сиймолари хотирасини ёдга солади. Кимдир узоқ-узоқларга ўйчан термулади, кимдир бошини қуйи солганча пастга қарайди, аксарият кишиларнинг кўзларига ёш қалқийди. Бироқ ҳеч ким овоз чиқариб, бир-бирига халал бермайди. Шериги кириб борган хаёлот дунёсини бузгиси келмайди. Қўшиқ тугагач ҳам сукунат анчага чўзилади. Кейин бирдан олқишлар янграйди, ҳофиздан яна ва яна қўшиқ талаб қилинаверади.
…Кўринишидан ҳали ёш, йигитлардай жўшқинлик, куч-қувватга тўла Носиржон Мирзабоев ҳам 45 ёшни қоралади. Энди у салобатли ёшга етган устозлар қаторида ҳамкасблар орасида алоҳида иззат-икромга сазовор. Унинг келажак режалари бир дунё. Униб-ўсиб келаётган шогирдларининг жиндай ютуғини кўрганда унда олам-олам янги мақсадлар туғилаверади. Менимча, ўз касбига чинакам меҳр қўйган инсонда шунақа кечинмалар доим кузатилади. Орамизда Носиржон Мирзабоев каби фидойи устозлар жуда кўп. Улар бор экан, ёшларимиз камолотидан кўнглимиз хотиржам тин олади. Келинглар, азизлар, шундай ҳамюртимиз ижодига комиллик тилайлик, зеро, уларнинг саъй-ҳаракатлари биз, ота-оналарнинг эътибор ва ғамхўрлигидан асло кам эмас. Бундайин эзгу амал ҳар қанча таҳсин ва улуғворликка лойиқдир. Абдулҳаким НИШОНОВ.

