ҲАР СОҲАДА ЕТАКЧИ
Мен раҳбарлик қилаётган 4-«А» синф ўқувчиларининг нафақат фанлардан ўзлаштириши, балки дарсдан ташқари тўгаракларда камол топишларига катта аҳамият қаратиб келаман.
Ўқувчим Шодиябону Шарифжонова спортнинг бадиий гимнастика тури билан мунтазам шуғулланади. Ҳозиргача у 50 дан ортиқ катта-кичик турнирларда қатнашиб, ғолиб ва совриндор бўлган. У сўнгги нуфузли турнир – Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Шодиябонунинг ҳар бир ютуғи мактабимизда катта тантана билан қарши олинади. Ш.Шарифжонованинг муваффақиятлари бошқаларга ҳам қўшимча куч бериб, турли соҳаларда ўзини намойиш қиладиган ўқувчилар сони яна иккитага кўпайди. Асадулло Юнусов шу ўқув йилида ментал арифметика бўйича ўтказилган беллашувнинг вилоят босқичида фахрли 2-ўринни эгаллаб, республика биринчилигида ўз ёши тоифаси бўйича кучли бешликка кирди.
Қобилжон Ҳошимжонов қўл жанги спорт турига меҳр қўйган. У яқинда вилоят биринчилигида 23 кг. вазн тоифасида қатнашиб, 1-ўрин соҳиби бўлди.
Қундузхон ДАРВИШЕВА, 29-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.

