МАТЕМАТИК БИЛИМЛАР МУСТАҲКАМЛАНДИ

Илм, фан, техника соҳасидаги янгиликларни, таълимдаги илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш орқали самарали натижаларга эришиб борилмоқда. Бу борада йилимизнинг «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб номланиши ҳам айни муддаодир. Шу мақсадда 7-синфда «Квадратлар айирмаси формуласига доир  мисоллар ечиш» мавзусида очиқ дарс ташкил этдим. Машғулотда ўқувчиларнинг математика фанига қизиқишини  ошириш мақсадида инновацион усуллардан, математик ўйинлардан фойдаландим. «ПИСА» тестлари асосида ҳаётий воқеаларга боғлаб тестлар туздим. «Домино», «Ким чаққон?», «Яширин рақамлар», «Хотирани чархлаш» ўйинларини ташкил этдим.

Беш муҳим ташаббусга асосан ўқувчиларни китоб мутолаасига ундаш мақсадида «Рақамлар иштирок этган мақоллар», «Рақамлар иштирок этган бадиий асарлар», «Рақамлар иштирок этган бадиий фильмлар» топшириқлари берилиб, ўқувчилардан жавоблар олинди. Сўнг синфни «Ал-Хоразмий», «Ал-Беруний», «Ибн Сино» гуруҳларига бўлиб, ўқувчиларнинг алломалар ҳақидаги билимлари ўртоқлашилди.

Дарс жараёнида ўқувчилар ўйинлар орқали формулаларни мисолларга татбиқ этишни ўргандилар, математик билимларини мустаҳкамладилар.

Адолат МАМАДЖАНОВА, 33-мактабнинг математика фани ўқитувчиси.