ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ БОШҚАРИШ ҚОИДАЛАРИ БУЗИЛСА…

Республикамизда кенг тармоқли транспорт тизими барпо этилган бўлиб, у мамлакат ичкарисида ва ташқарисида юк  ҳамда йўловчилар ташишни, яқин ва олис хорижий мамлакатлар билан иқтисодий  алоқаларни таъминлайди. Шу билан бирга, транспорт воситаларининг кўпайиши уларни бошқариш вақтида хавфсизлик чораларига риоя этишга янада масъулият билан ёндашишни талаб қилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, вилоятимизда 2019 йил давомида 761 нафар шахсга нисбатан 760 та транспорт воситаси ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноят ишлари судлар томонидан кўриб тамомланган, шундан 601 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Уйчи туманида 2019 йил давомида 54 нафар шахсга нисбатан 54 та транспорт воситаси ҳаракати ва улардан  фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноят иши кўриб, тамомланган.

Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, шу модданинг биринчи қисмида транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача  мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши;

-иккинчи қисмида ўша қилмиш одам ўлимига сабабчи бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

-учинчи қисмида ўша қилмиш одамлар ўлимига, ҳалокатга ёхуд бошқа оқибатларга сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилган.

Бугунги кунда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятини батамом тугатиш, уларнинг содир этилишига олиб келувчи омилларни тўлиқ бартараф қилиш имконияти йўқлиги ҳаммага аён. Ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам транспорт воситалари билан боғлиқ жиноятлар буткул тугатилмаган. Аммо бу турдаги жиноятларнинг сонини камайтириш, олдини олиш имкониятлари мавжуд. Бу эса ҳар бир автоулов эгасининг амалдаги қонунларга риоя этиши ва ҳушёрликни оширишига боғлиқ.

А.МЎМИНОВ, жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси.