ЯХШИЛИК ҚИЛУВЧИЛАР ОМОН БЎЛСИНЛАР
2017 йилда мутахассислигим бўйича навбатдаги аттестациядан ўтгандим. Деярли бир ўқув йили давомида тоифа сертификатим қўлимга тегмади. Кейинги ўқув йилида маълум сабаблар билан рўйхатдан тушиб қолганим маълум бўлди. Аста-секин бу муаммо шу қадар чалкашиб кетдики, ўзим ҳам бошини тополмай қолдим. Масалага ечим топилмаса, мендан тоифани олиб ташлаш, қолмишига катта миқдорда жаримага тортиш масаласи кўндаланг қўйилди.
Шукрки, жамиятимизда ўз вазифасини сидқидилдан бажарадиган инсонлар кўп. Шундай инсонлардан вилоят ХТБ мониторинг бўлими бошлиғи Рауфхон Тиллаев, туман ХТБ мониторинг бўлими бошлиғи Раънохон Жўраевалардан чексиз миннатдорман. Улар менинг ташвишимни ўз муаммоларидай қабул қилиб, унга ечим топишга астойдил киришишди. Мени ортиқча оворагарчилик, қоғозбозликка кўммай, масаламни ҳал этиб беришди. «Давлат идоралари халқ учун хизмат қилсин» тамойилининг амалдаги ифодасини кўрганимдан бошим осмонга етди. «Биздан инсонларга яхшилик қолсин», – бу Рауфхон аканинг ҳаётдаги шиори экан. Менимча, шу қоидага амал қилиб, иш юритадиган мансабдорлар қанча кўпайса, жамия-тимизда адолат, ҳалоллик, шаффофлик нормалари мустаҳкам қарор топган бўларди.
Абдулҳаким НИШОНОВ, 29-мактаб ўқитувчиси.

