ЎРГАНИШДАН ТЎХТАМАЙДИ, ЎРГАТИШДАН ЧАРЧАМАЙДИ

2001 йилдан бери тумандаги «Замин»  фермер хўжалигини бошқариб келаётган Ҳошимбой Иброҳимов ўз касбининг фидойиси, ер билан тиллаша оладиган мутахассис сифатида ном қозонганлардан. Ортда қолган 19 йил Ҳошимбой учун улкан тажриба мактаби сифатида  ҳам ёдда қолди. У тажрибали ҳамкасбларидан ўрганиш, ёшларга ўргатишдан сира чарчамайди. Ютуқларини ўртоқлашади. Нияти – барча тармоқда юксак натижаларга эришиш, қолоқликка барҳам бериш. Қарамоғидаги 64,5 га. майдонда ерларни алмашлаб экиш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари эвазига тупроқ унумдорлиги 72 балл бонитетига кўтарилди. Самара ҳам шунга яраша. Ўтган йили хўжаликнинг соф фойдаси 237 млн. сўмга етди. Бунда 34 нафар ишчи-ходимнинг улуши бор. Уларни бир мақсад сари сафарбар эта олган омилкор бошқарувчидан ҳар қанча ўрнак олса, арзийди.

Юқоридаги меҳнат ва машаққатлари инобатга олиниб, Ҳошимбой Иброҳимов ўтган йили Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг «Илғор фермер» кўкрак нишони билан тақдирланди. Абдул ҲАКИМ.