МОҲИР ДЕҲҚОН
Деҳқончилик энг қадимий касблардан. У ибтидоий жамоа тузумидаёқ оммалашиб улгурган. Техника ва технологиялар замонаси – бугунги кунда ҳам ердан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига янги инновацияларни жорий этиш эвазига унумдорликни ошириш масалалари долзарблигича қолмоқда.
Илҳомжон Машрабов қишлоқдошларига ўрнак бўлиб келаётган томорқа ер эгаларидан. У мавжуд 4 сотихли майдонда иссиқхона ташкил қилиб, лимон етиштиради. Самарали меҳнати натижасида томорқа унумдорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. 9,5 млн. сўм соф фойда унинг ўтган йилги ҳосилидан келди. Ушбу маблағлар, албатта, иссиқхонани ривожлантириш ва янгисини барпо этишга йўналтирилади.
Меҳнат ерда қолмайди, деганларидек, Илҳомжон Машрабовнинг эл фаровонлиги йўлидаги яратувчанлик меҳнатлари муносиб тақдирланди. Ўтган йили моҳир деҳқон ҳукуматимизнинг «Намунали томорқачи» кўкрак нишонига сазовор бўлди. Юртдошимизни мукофот билан қутлаган ҳолда келгуси ишларига омад тилаймиз.
Ўринбой МЎМИНОВ.

