УЙЧИДА УЛОҚ-КЎПКАРИ

Ўтган якшанба туманимиздаги «Умид-2001» фермер хўжалиги ер майдонида Наврўз байрами муносабати олдидан миллий халқ ўйинларидан саналган улоқ-кўпкари ўтказилди. Унда Республикамиз вилоятларидан ташқари қўшни Қирғизистон Республикасидан ҳам чавандозлар иштирок этдилар.

Байрамнинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов сўзга чиқиб, туманимизда бундай тадбирлар салкам 20 йилдан буён бўлмаганлиги, ўзбек халқининг қадимий қадрият, урф-одат ва анъаналари сирасига кирадиган улоқ-кўпкари йигитларни мардлик ва ҳалоллик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Катта байрам сайлига айланган улоқ-кўпкари беллашувларида ғолиб чиққан ботир чавандозлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.