ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ УЛАМОЛАР КЕНГАШИ БАРЧА МУСУЛМОНЛАРНИ ҚУЙИДАГИЛАРГА ЧАҚИРАДИ:
-Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор-лашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқисинлар. Шунингдек, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этсинлар;
-жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин;
-масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилсин;
-мўмин-мусулмонлар имкон қадар касаллик тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшсинлар;
-ҳар бир мусулмон ибодатлар ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишни сўраб, ихлос билан илтижо қилишлари лозим;
-динимиз покликка буюрар экан, касалликнинг олдини олиш борасидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир;
-карантин даврида масжидлар ва таҳоратхоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиялари асосида даврий дезинфекция ишлари ўтказилсин;
-бундай вазиятларда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларнинг нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир;
Ушбу фатво вирус аниқланган мусулмон мамлакатлар ҳамда бошқа ўлкалардаги йирик исломий ташкилотлар ва уламоларнинг мазкур масаладаги фатво ҳамда хулосаларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди. Аллоҳ таоло ушбу касалликнинг тез кунларда бартараф этишини ҳамда халқимиз ҳаётини тинчлик ва осойишталикда давом этишини насибу рўзи айласин!

