КАРАНТИН ТАРТИБИНИ БУЗИШ НИМАЛАРГА ОЛИБ КЕЛАДИ?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга  «Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси киритилди.

Лойиҳа давлат раҳбарининг топшириғига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги  ПФ-5969-сонли Фармонининг мантиқий давоми ҳисобланади.

Ҳужжат пандемиянинг мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатишга қаратилган навбатдаги имтиёзлар, преференсиялар ва бошқа муҳим чора-тадбирларни назарда тутади.

Президент Фармони лойиҳасига ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотларини кўпайтириш ва нархлари ошишига йўл қўймаслик, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағлари камайиб кетишининг олдини олиш, уларга қўшимча солиқ имтиёзлари тақдим этиш каби бир қатор аниқ чораларни киритиш зарурлиги ҳақида масъулларга топшириқ берди.

Фармон лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун қонунчилигимизда жуда кескин жавобгарликлар мавжуд ва эндиликда улар янада кучайтирилди.

Карантин шароитида давлат санитария назорати органларининг қонуний талабларини, масалан, тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ҳамда ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик жиноят сифатида баҳоланади.  

Илгари карантин қоидаларини бузганлик учун, агар бу одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо белгиланган. Кучайтирилган тартибга кўра, эндиликда бунинг учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.

Агар ўша ҳаракат одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин эди. Эндиликда карантин қоидаларини бузган шахс 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Халқаро мамлакатларда эса масалан, Украинада шахснинг ҳаракатлари юқумли касаллик тарқалишига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши белгиланган. Ушбу қилмиш учун Италия, Испания, Франция, Руминия ва Аргентинада 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. 

Абдурасул ТЎЙЧИБОЕВ,

Уйчи туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси.