КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
Бугун бутун дунёни, бутун инсониятни ташвишга солаётган коронавирус инфекциясига чалинганлар сони дунё бўйича ярим миллиондан ортди, минглаб инсонлар ушбу вирус натижасида ҳаётни тарк этди, ачинарлиси, бу рақамлар ҳар сонияда ўзгариб, кўпайиб бормоқда.
Халқимиз вазиятни тўғри тушунган ҳолда, барча қоидаларга амал қилмоқда, аммо ичимизда вазиятни тўғри баҳоламасдан, қоидаларга амал қилмаётган ва ўзининг ҳамда яқинларининг соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўяётганлар афсуски, йўқ эмас. Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 26 мартида тегишли Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, Жиноят кодексининг 2571-моддасида эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Хусусан, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ҳамда ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ҳамда бошқа қонуний талабларни урзли сабабларсиз бажармаганлик, одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфни келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки зарарланишига олиб келса, бунинг учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Муқаддам ушбу муддат 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланар эди.
Агар ўша ҳаракатлар одамнинг ўлимига сабаб бўлса, озодликдан маҳрум қилиш муддати 5 йилдан 7 йилгача этиб, бир қанча одамларнинг ўлимига сабаб бўлса 7 йилдан 10 йилгача этиб белгиланди. Муқаддам ушбу муддат тегишлича 3 йилдан 5 йилгача ҳамда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланар эди.
Шунингдек, янги қонунга кўра, МЖТКнинг 54-моддаси таҳрири қайтадан ўзгартирилди, энди карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумлик касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баровари яъни, 1 млн. 115 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, эндиликда карантин шароитида тиббий мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин, ушбу тиббий мажбурлов чораси 30 суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан биргаликда қўлланилади.
Қонунга мувофиқ, Жиноят кодекси яна бир янги модда билан яъни, 2445-модда билан тўлдирилди, унга кўра карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида хавфли юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик учун 44 млн 600 минг сўм жаримадан бошлаб 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо чоралари белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, карантин шароитида карантин қоидаларига риоя қилиш – ўзимиз ва яқинларимизнинг ҳаёти ҳамда соғлиғини асраш билан бирга, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир шахснинг фуқаролик бурчидир, буни ҳеч биримиз ёддан чиқармаслигимиз лозим.
А.ИКРАМОВ,
Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими.

