БИРДАМЛИКДА ЕНГАМИЗ
Бугунги синовли кунларда барчамизга ҳам осон бўлаётгани йўқ, албатта. Сизу биздан сўралаётган битта нарса «Уйда қолинг». Лекин шу оғир кунларда жонини хатарга қўйиб бизлар учун, бизнинг фарзандларимиз учун ҳаракат қилаётган касб эгалари ичида халқ таълими ходимларининг ҳам хизматлари беқиёс.
Менинг фарзандим Уйчи туманидаги 33-мактабининг 8-синфида ўқийди. Тўғри, бугун фарзандларимиз бағримизда, уларга уй шароитида таълим олишларида қўлимиздан келганча ёрдамлашяпмиз. Аммо уларнинг шўх-шодон кулгулари билан файзли бўлган мактабларимиз, қўнғироқлар жаранги остида сабоқларга чорловчи синф хоналари бир муддатга ҳувиллаб қолган. Албатта, биз барчамиз биргаликда жипслашиб, бу кунларни енгиб ўтамиз.
Мен бир оддий она сифатида бугунги муҳтарам Юртбошимизнинг тўғри ва оқилона сиёсатларидан, фарзандларимизнинг соғлиги билан бирга таълим олишлари учун яратилаётган имкониятлардан жуда ҳам мамнунман. Республика Халқ таълими вазирлигининг саъйи ҳаракатлари билан 30 мартдан бошлаб эфирга узатилаётган теледарсларни кузатиб, келажагига, фарзандларига бефарқ бўлмаган юртда яшаётганимдан янада фахрландим. Педагог сифатида жуда ҳам қисқа муддатда, юқори савияда тайёрланган теледарслар ҳақида фарзандимнинг фикрларини сўраганимда, жуда ҳам мамнунлигини, ҳатто такроран намойиш орқали мавзуларни янада мустаҳкамлашга имконият бўлаётганини, нафақат 8-синф, балки 5-синфдан онлайн дарсларни тинглаш улар учун репетиторлик вазифасини ўтаётганлигини айтди.
Мен шундай кунларда барчамизнинг соғлигимиз учун куюниб, уйда қолишга чақираётган, бутун масъулиятни бўйнига олиб, фарзандларимиз эртасини ўйлаб ҳаракат қилаётган муҳтарам Президентимизга, Халқ таълими вазирлигига барча ота-оналар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Фотима ҲУСАНОВА,
33-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

