БИРДАМЛИКДА КУРАШАЙЛИК
Уйчи тумани ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Пўлатович АПАҚОВнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ
Ассалому алайкум, азиз ҳамюртлар!
Бугун бутун дунё аҳлини ташвишга солаётган катта хавф – коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш ғоят долзарб масаладир.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё миқёсида коронавирусдан зарарланганларнинг умумий сони 1.347.803 кишига етди, улардан 277.402 нафари касалликдан соғайган, 74.807 нафари вафот этган. Айниқса, АҚШ, Италия, Испания, Германия, Франция, Туркия каби давлатларидаги бугунги вазият барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Минг афсуски, бу офат юртимизни ҳам четлаб ўтмади. 7 апрель куни соат 15.00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясига чалинганлар 504 нафар кишини ташкил этмоқда. Шу кунга қадар 30 нафар бемор ушбу касалликдан бутунлай соғайган.
Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ тушунтириш ишлари ва унинг тарқалишининг олдини олишга қаратилган қатор чоралар кўрилишига қарамай, фуқароларимиз томонидан ўзларининг ҳамда атрофдагиларнинг соғлиғига масъулиятсизлик билан ёндашиш ҳолатлари кузатилмоқда. Касалликка чалинганлар республикамизнинг деярли барча ҳудудларида аниқланган. Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир ҳудудга касаллик кириб келиши эҳтимоли йўқ эмас.
Муҳтарам Юртбошимиз уч маротаба олижаноб халқимизга мурожаат этиб, ҳар бир фуқаронинг саломатлиги учун қайғураётган бир пайтда бунга жавобан бугунги вазиятни теран англаб етишимиз, уйда қолишимиз ва карантин қоидаларига қатъий риоя этишимиз зарур.
Қадрли ҳамюртлар!
Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллиги вилоятимиз ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олиш ҳамда назоратдан чиқармасликни таъминлаш мақсадида вилоятимиз ҳокими бошчилигида бир қатор чора-тадбирлар белгиланиб, самарали ишлар олиб борилаётганига қарамай, фуқароларимиз томонидан карантин талабларига риоя этмаслик, лоқайд муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, коронавирусга чалинган 51 нафар фуқародан 48 нафари 12 март куни Туркия орқали умра сафаридан келган фуқаро билан бевосита мулоқотда бўлган фуқаролардир. Икки ҳолатда ўлим қайд этилган бўлса, шундан бири наманганлик ҳамюртимиз эканлиги, дафн маросимида ҳатто яқинлари ҳам иштирок эта олмагани ғоятда ачинарли ҳолат эканлигидан ташвишланиб, вилоятимиз ҳокими Х.Бозоровнинг вилоятимиз аҳолисига Мурожаатлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.
Туманимизда шу бугунги ҳолатга кўра, хорижда бўлиб қайтган 1924 нафар фуқаронинг оила аъзолари билан биргаликда жами 9445 нафар фуқаро обсервацион кузатувга олинди.
Профилактик тадбирлар натижасида касаллик аломатлари аниқланмаган 1230 нафар хориждан қайтган шахс ва уларнинг 5166 нафар оила аъзолари, жами 6396 нафар фуқаро обсервацион кузатувдан чиқарилди. Ҳозирда яна 3047 нафар фуқаро обсервацион кузатувда турибди.
Туманимизда коронавирус пандемиясига чалиниш ҳолати кузатилмаган бўлса-да, бунга биз бепарво ва лоқайд муносабатда бўлмай, ҳушёрликни янада оширишимиз талаб этилади.
Азиз уйчиликлар!
Тарихга назар солар эканмиз, ота-боболаримиз не-не машаққатлар, уруш давридаги очарчиликни бошидан кечирган ва барча синовларни мардонавор енгиб ўтган. Бунда уларнинг ўзаро аҳиллиги, ҳалол ва фидойи меҳнати, бир мақсад йўлида бирлашиши биз учун ўлмас қадрият ва ибрат мактаби десак, асло янглишмаймиз. Бугун ана шундай бирдамлашадиган, ҳамжиҳатлигимизни амалда намоён этадиган давр келди.
“Уйда қолинг!”, “Уйда қолинг!”, “Уйда қолинг!” Ҳар куни ва ҳар соатда янграётган бу даъват огоҳлик қўнғироғи. Кун сайин авж олиш хавфи ортиб бораётган касалликдан қутулишнинг ягона йўли уйда қолиш ва карантин қоидаларига қатъий риоя этиш. Бунга бефарқ ва лоқайд муносабатда бўлиш асло мумкин эмас. Бу аввало, ўзингиз, фарзандларингиз ва оила аъзоларингиз саломатлигини таъминлашнинг ягона йўли.
65 ёшдан юқори ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилди. Имконият даражасида уларни эҳтиёт қилиб, яккалаш, зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ва мулоқотни чеклаш зарур.
Яхши хабарингиз бор, давлат хизматлари ва коммунал хизматлар бўйича интернет орқали мурожаат этиш ва тўловларни амалга ошириш йўлга қўйилди.
4 апрелдан бошлаб ҳар бир маҳалланинг ўзида озиқ-овқат ва барча зарур турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг кўчма савдоси ташкил этилмоқда.
Олиб борилаётган тушунтириш ишлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали огоҳлантирилаётганига қарамай, карантин қоидаларига риоя этмаётган, лоқайд инсонлар ҳам, минг афсуски, учраб турибди. Туман ички ишлар идоралари томонидан ўтган даврда 183 та ҳолатда карантин талабларини бузиш қайд этилиб, уни содир қилган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон қонунчилигида жуда кескин жавобгарлик чоралари кўзда тутилганлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Саховатпеша юртдошларимиз!
Бугунги синовли даврда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам – кўмакка муҳтож қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва эҳтиёжманд, ишсиз фуқароларимизга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз ва улардан кўмагимизни аямаслигимиз лозим. Шу мақсадда туманда ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази тузилди. Беғараз ҳомийлик қилиш истагида бўлганлар ўз маблағлари ва ҳомийлик ёрдамлари билан ҳисса қўшсалар, бугунги синовли даврда қийналиб қолган, муҳтож фуқароларимиз кўнгилларини кўтарган бўлардилар.
Илмсевар ва шижоатли ёшларимиз!
Сиз – келажак бунёдкори, юрт эгаси. Бугун уйда қолиб ҳам масофадан туриб илм олишингиз учун барча имкониятлар яратилмоқда. Бундан оқилона фойдаланиб, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус бўйича иқтидорингизни янада ошириб боринг. Китоб ўқиб, фойдали иш билан машғул бўлинг.
Ҳурматли тадбиркорлар!
Туманимиз иқтисодиёти ва унинг равнақи сизнинг фаолиятингизга, омилкорлик билан иш юритишингизга кўп жиҳатдан боғлиқ. Муҳтарам Президентимиз Мурожаатларида битта тадбиркорлик субъекти, саноат ёки ишлаб чиқариш корхонасининг фаолияти тўхтаб қолиши фавқулодда ҳолат, иқтисодиётимиз учун зарар эканлигини алоҳида таъкидладилар. Шундай экан, карантин қоидаларига риоя этиб, эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик фаолиятингизни бирдам тўхтатманг. Ишчи-ходимларингизни марказлашган ҳолатда транспортда олиб-кетишни йўлга қўйинг ёки имконияти мавжуд бўлса ётоқ учун шароитлар яратинг. Берилган имтиёзлардан самарали фойдаланинг, иқтисодиётимиз юксалишига ҳиссангизни қўшинг!
Азиз фермерлар, ризқ-рўз бунёдкорлари!
Қишлоқ хўжалигида ҳам бугун айни иш қизғин паллага кирган давр. Эртанги етиштириладиган ҳосил дастурхонларимиз тўкинлиги, юртимиз фаровонлиги учун хизмат қилади. Чигит экиш мавсумини муваффақиятли якунлаб, ғалладан мўл ҳосил олиш, боғ, токзорларда, хонадон томорқаларида ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратайлик.
Қадрли ҳамюртлар!
Фурсатдан фойдаланиб, карантин кунларида кунни тунга, тунни кунга улаб, фидойилик кўрсатиб ишлаётган, хизмат вазифасини сидқидилдан бажараётган тиббиёт ходимлари, туман санитария эпидемиология осойишталик маркази, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, коммунал соҳа раҳбар-ходимларига чуқур миннатдорчилик билдириб, халқимизга садоқат билан хизмат қилишларида уларга шижоат тилайман.
Муҳтарам Юртбошимиз Мурожаатларида таъкидлаганларидек:
“Халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, Қодир Оллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтган. Мен ана шундай мард ва матонатли, меҳр-оқибатли халқимизнинг ақл-заковатига, унинг метин иродаси ва қатъиятига тўла ишонаман. Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди! Яратганнинг ўзи халқимизни ва бутун инсониятни бу офатдан тезроқ озод қилсин, барчамизни ўз паноҳида асрасин!”
Ушбу эзгу ниятлар амалга ошишида барчангизни бирдамликка чақираман!

