КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ КУРАШДАГИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

Маълумки, коронавирусга қарши кураш даврида давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелда “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармон билан, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир бир қатор қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан,

– 2020 йил 31 декабрга қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби жами 20 турдаги асосий истеъмол товарларини олиб киришда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди;

– жорий йил март – июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамларни тўлаш мурожаат ва ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда навбатдаги муддатга узайтирилади;

– карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул асосий озиқ-овқат ва гигиена товарларига қўшимча ниқоблар, антисептик воситалар ва бактерияга қарши совунлар жамланмаси берилади;

– ижтимоий нафақа олиш учун ариза билан бирга тақдим этиладиган ҳужжатлар камайтирилади;

– туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиз ўрнига

1 фоизга туширилади;

– карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга кўмак бўлади;

– жорий йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан

30 фоизга туширилди,

– 2020 йилнинг охирига қадар обороти ойига 1 млрд. сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшимча қиймат солиғи тўловчилар ушбу солиқни ҳар ойда эмас, балки ҳар чоракда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга;

– коронавирус инсфекциясини аниқлаш бўйича экспресс-тестлар олиб киришда улар учун божхона расмийлаштируви йиғими ундирилмайди;

– Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан мажбурий захиралар бўйича талабларни енгиллаштириш ҳисобига тижорат банклари 2,6 трлн. сўм қўшимча ликвидлик ресурслари билан таъминланади;

– тижорат банкларига 3 йил муддатгача 2 трлн. сўмгача миқдорда ликвидлик тақдим этишнинг махсус механизмини жорий этилади;

– тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктириш тақдим этилади;

– амалга киритилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлланилмайди;

– тижорат банклари томонидан кредитлар бўйича ҳисобланган ва кечиктирилган фоизлар суммаси кечиктириш тақдим этилган даврда фойда солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмайди;

– мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати 2020 йил 1 октябргача узайтирилади,

– акционерларнинг 2019 йил якунлари бўйича йиллик умумий йиғилишларини 2020 йил 1 октябргача муддатда, шунингдек, видеоконференцалоқа режимида ўтказишга рухсат берилади;

– карантинга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни (карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик бундан мустасно) тўлаш муддатлари карантин муддати тугагунга қадар узайтирилади;

– 2020 йил 1 октябргача дорихоналарда тайёрланадиган дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа маҳсулотларни улгуржи сотишга рухсат берилади;

– карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилади.

Бир сўз билан айтганда, коронавирусга қарши кураш даврида ҳукуматимиз томонидан кечиктириб бўлмайдиган қатор чора-тадбирлар кўрилмоқдаки, улар ҳам бўлса, давлатимиз ва ҳукуматимизнинг асосий фаолият мезони инсонпарварлик тамойилига асосланганлигининг яна бир амалий ифодасидир.

А.ИКРАМОВ,

Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими.