ЁНFИНГА ҚАРШИ СУВ МАНБАЛАРИНИ АСРАЙЛИК
Республикамизда бўлаётган ислоҳотлар натижасида янгиланишлар туманимизда ҳам амалга оширилмокда. Янги маъмурий, ўқув ҳамда даволаш муассасаларида қайта таъмирлаш, қурилиш ишлари олиб бориляпти, улар замонавий шаҳарсозлик норма қоидалари талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтирилмоқда.
Туманимиз маҳаллаларидаги гузарларда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари ташкил этилмоқда, янгидан-янги савдо шохобчалари ишга тушмокда. Афсуски, катта маблағлар ҳисобига қурилган кўп қаватли тураржойлар, «Обод қишлоқ” дастури асосида намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар, айрим таълим муассасаларидаги янги қуриб фойдаланиш учун топширилган ёнғинга қарши сув таъминоти манбалари қаровсиз қолиб кетаётганлиги мазкур жойларда ёнғинга қарши ҳолатларни ўрганиш жараёнида кўзга ташланмоқда.
МФЙлар ҳудудларида ёнғиннинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида маҳаллалардаги мавжуд сув ҳовузлари ўрганилганда ҳолат янада ачинарли эканлиги маълум бўлди. Фуқаролар томонидан ҳар хил чиқиндилар ташланиши ёки ушбу сув ҳовузларига эгалик қилиб, ўзлаштириб олиниши, бир неча йиллардан буён зарари етмаган ёнғинга қарши сув ҳовузи шу кунга келиб айрим фуқаролар яшаш хонадонлари учун зарар етказаётгани рўкач қилиниб, кўмдириб ташланган. Бу эса содир бўлаётган ёнғинларда бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Ота-боболаримиз ва донишмандлар:»Дунёнинг ўз мезони бор, ўт балосидан ўзинг асрагин»,- деб бежизга айтишмаган. Биз юқорида таъкидлаб ўтган сув ҳовузлари муаммосини жамоатчилик вакиллари, маҳалла аҳли ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда ҳал этиб, мавжуд сув ҳовузлари ва манбаларини ҳозирги кунда ишчи ҳолатга келтиришимиз зарур. Акс ҳолда фавқулодда рўй бериши мумкин бўлган ёнғинларда муаммолар келтириб, аҳолига ёнғин вақтида катта миқдорда моддий зарар етишига ўзимиз шарт-шароит яратамиз.
Агарда туманимиздаги МФЙлар ҳудудларидаги сув ҳовузларида доимий сув бўлишига ва мавжуд янги қурилган ер ости олгичлар созлигини таъминлашга эришсак, бино-иншоотларимиз, хонадонларимиз ва моддий бойликларимиз хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшган бўламиз.
Аъзамжон АҲМАТЖОНОВ,
Уйчи туман ФВБ бошлиғи, подполковник.

