МУРОЖААТ
Уйчи тумани ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашининг деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ҳамда фуқароларга
МУРОЖААТИ
Азиз ҳамюртлар, миришкор деҳқонлар ва томорқа ер эгалари!
Бугунги кунда бутун жаҳонни коронавирус пандемияси қаттиқ хавотир ва ташвишга солиб турибди. Кейинги йилларда дунё ҳамжамияти билан чуқур интеграцияга киришиб, жадал суръатларда ривожланиб бораётган Ўзбекистонимиз ҳам бу офатдан четда қолмади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш, бутун дунё халқлари қаторида юртимиз аҳолисини ҳам ташвишга солаётган бу офатдан ўзимизни, оиламиз ва маҳалламизни сақлаш учун қатъий чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Ушбу масала юзасидан давлатимиз раҳбарининг кейинги бир ой мобайнида халқимизга қайта-қайта мурожаат билан чиққанлари ҳам шундан далолат беради.
Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш бўйича 2020 йил 8 апрель куни муҳтарам Президентимиз ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрель куни “Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 216-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга асосан бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Қувончлиси, мамлакат миқёсида 13 та туманнинг томорқа ер участкасидан бир йилда икки-уч маротаба ҳосил етиштириш ва юқори даромад олиш тажрибаси намуна сифатида республиканинг бошқа ҳудудларига жорий қилиш тавсия этилган бўлса, Наманган вилояти бўйича айнан Уйчи тумани тажрибаси эътироф қилинди. Бу уйчиликларнинг фидойи меҳнатлари самараси, деб биламиз. Қолаверса, ушбу эътироф ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди.
Муҳтарам Юртбошимиз ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлиш билан бирга, юксак тафаккур, қатъий интизом ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозимлигини таъкидладилар. Деҳқончилик юмушлари қизғин паллага кирган шу ғанимат кунларда фермер, томорқачилар, фуқароларимизга ҳам тетик ва бардам бўлиб, тушкунликка тушмасдан, айниқса, керакли тиббий қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларини изчил давом эттириш бўйича зарур маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилди. Зотан, карантиндан кейин ҳам ҳаёт давом этишини, албатта, ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Дунёда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиб бораётгани ва етишмовчилиги икки баробарга ортаётган бир даврда унумли тупроғимиз, қулай иқлим ва шарт-шароитлар бўлатуриб, ердан хўжасизларча фойдаланилиши кечириб бўлмас ҳол, деб қарашимиз керак. Айниқса, боғ, токзор ораларида ҳам бир қарич ер бўш қолмаслиги, унумли фойдаланишимиз лозим.
Туманимиздаги аҳоли хонадонлари ҳамда дала томорқаларида 380 гектардан ортиқ экин майдони мавжудлиги биз учун катта имкониятдир. 2-3 марта ҳосил олиш билан ички бозоримиз арзон бўлиши ўз қўлимизда. Шунингдек, экспортбоп маҳсулотлар, дуккакли экинлар, хусусан, мош, ловия, пиёз, саримсоқпиёз етиштиришни кўпайтиришимиз, тўқсонбости экинлар экишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Жорий йилда фермер хўжаликларимиз томонидан 6425 гектар майдонда буғдой етиштирилмоқда. Буғдойдан бўшаган майдонларда ҳам биринчи навбатда экспортбоп маҳсулотлар етиштирсак, озиқ-овқат хавфсизлиги ва дастурхонларимиз тўкинчилигига катта ҳисса қўшган бўламиз.
Қадрли ризқ-рўз бунёдкорлари!
Бугун деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида экспортбоп экинлар экиш ҳамда маҳсулотлар етиштириш ҳажмларини икки баробарга кўпайтириш, йилига икки-уч маротабадан ҳосил олиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб, режа асосида фаолият кўрсатишимиз зарур. Туманимизда ҳар бир секторда ташкил этилган “Томорқа хизмат”лари фаолиятидан самарали фойдаланинг. “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан аҳоли хонадонларига баҳорги экиладиган экин уруғлари ва кўчатлари етказиб берилади, кўчма дўконлар ташкил этилиб, томорқа ер майдонларини шудгорлаш, экиш ишларига алоҳида эътибор қаратилади.
Аҳоли хонадонларида ихчам тежамкор иссиқхоналар ташкил этиш, хонадонларда чорва, паррандачиликни ривожлантириш давр талаби.
Бу борада мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялари ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли ресурлари ва грантлари жалб этилаётгани ҳам бежиз эмас.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, янги ташкил этилаётган мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялари деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари билан ўзаро ҳамкорлик асосида маҳсулот етиштириш, етиштирилган маҳсулотни саралаш, қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ҳамда экспорт қилиш бўйича шартномалар тузади. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида уруғлик, кўчатлар, минерал ўғитлар ҳамда бошқа моддий техника ресурсларини етказиб беради. Агротехник тадбирларни амалга ошириш учун мутахассислар ажратади, илмий асосланган агрономик тавсиялар беради. Шундай экан, ҳар биримиз оқилона иш юритиб, бундай имкониятлардан фойдаланишимиз зарур.
Ҳурматли маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари!
Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиш, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни муносиб ҳолатга келтириш учун ҳаракат қилайлик. Бундай амалий ибрат асосида улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил меҳнат қилади. Маҳалла ҳудудидаги хонадонларда бирор қарич ер эътиборимиздан четда қолмаслиги керак. Аввало, рўзғор учун зарур маҳсулотларни етиштирайлик. Ортиғини бозорларимизга олиб чиқиб, эл дастурхони тўкинчилиги ва нарх-навонинг барқарор сақланиб туришига ҳисса қўшайлик. Буни ҳар бир хонадон эгаларига етказишимиз ва тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз зарур.
Экин экмаган, томорқа ер участкасидан фойдаланмаган ва ҳосил олмаган томорқа ер эгаларига нисбатан қонуний чоралар ҳам кучайтирилмоқда. Зеро, ерга муносабат тубдан ўзгармоғи лозим.
Азиз ҳамюртлар!
Туманимизнинг барча ҳудудида меҳнатидан барака топаётган тажрибали деҳқонлар кўп. Томорқа ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи. Йилига икки-уч мартадан ҳосил олаётганлар, бу орқали оила даромадини ошираётган, дастурхонларимиз тўкинчилигига ҳисса қўшаётган фидойи фермерлар, томорқа ер эгалари туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланадилар. Шунингдек, томорқадан даромад топишда намуна кўрсатаётганлар энг “Намунали томорқачи”, “Меҳнаткаш деҳқон”, “Илғор фермер” каби кўкрак нишонларига тавсия этилади ва меҳнатлари муносиб рағбатлантирилади.
Ўтган йили туманимиздан уч нафар ҳамюртимиз – Илҳомжон Машрапов, Муҳиддин Тўрабоев, Баҳромжон Абдуллаевлар ана шундай кўкрак нишонлари билан тақдирланишгани ҳам бизга фахр бағишлайди. Уларнинг сафи туманимизда янада кенгайишини истаймиз.
Қадрли уйчиликлар, туманимиз фидойилари!
Мамлакатимизга четдан кириб келган коронавирус пандемияси мисли кўрилмаган ташвишларни келтириб чиқараётган бир пайтда, томорқаларимизда етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан халқимиз фаровонлиги, дастурхони тўкинлиги, бозорларимиздаги арзончиликни таъминлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Барчани бу муқаддас бурчимизни виждонан адо этишга чақирамиз!
Маълумки, деҳқончиликда баҳорнинг бир куни бир йилга татийди. Кўпни кўрган, омилкор деҳқонларимиз мана шундай ҳал қилувчи паллада қандай юмушларни бажариш зарурлигини жуда яхши билади. Табиат инжиқликлари билан курашларда тобланган тажрибали деҳқонларимиз вужудга келган вазиятни тўғри қабул қилган ҳолда, ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланадилар, деб ишонамиз.
Турмушимиз фаровонлиги, дастурхонларимиз тўкинчилиги йўлидаги эзгу ҳамда олижаноб ишларингизда барчангизга муваффақият ва омад ёр бўлсин!
Уйчи тумани ҳокимлиги,
маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши.

