МУНОСАБАТ

«Уйда ва ўйда қолган журналист Шокиржонов» каналида «Наманган вилоятининг Уйчи туманида карантин шароитида мактаб ўқитувчиларини ёппа ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб қилинаётгани ҳақида хабарлар келиб тушмоқда»,-деган пост қолдирилган.
Шуни маълум қиламизки, Уйчи туманида ҳам карантин эълон қилинган бўлиб, нафақат таълим ходимлари, балки бошқа соҳа эгалари ҳам ободонлаштириш ишларига жалб этилмаган. Ободонлаштириш ишлари билан ҳамма ҳудудда туман ободонлаштириш бошқармаси ва маҳаллаларга жалб этилган шу соҳага масъул бўлган ишчи-ходимлар карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда шуғулланмоқда. Баҳор мавсуми бўлганлиги учун ҳар бир ташкилот, муассасада ободонлаштириш ишлари масъул бўлган ходимлар томонидангина амалга оширилмоқда.
Хонадон томорқасидан самарали фойдаланиш бўйича Уйчи тумани тажрибаси мамлакат миқёсида эътироф қилингани муносабати билан туманда «Менинг хонадоним гулзор», «Менинг томорқам энг намунали» , «Менинг остонам гулзор» шиорлари остида хонадон ва томорқаларда амалга оширилган ишлар фотолавҳасини тақдим этиш ва энг яхшиларини моддий рағбатлантириш бўйича таклифлар берилган. Ушбу танловда қатнашиш ихтиёрий.
Айни вақтда тумандаги мактаб ўқитувчилари ҳеч қандай ободонлаштириш ишларига жалб этилмаган. Ўқитувчилар масофадан туриб, уйда қолган ҳолда ўқувчилар билан онлайн дарс машғулотларини олиб боришмоқда. Ҳаттоки мактаб ҳудудига бошқа мақсадда келиш ҳам тақиқланган.
Уйчи туман ҳокимлиги юқоридагидек ҳолат мавжуд бўлса, фуқаролардан хабардор этишларини ва бундай кўрсатма берган шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилишини билдиради.

Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.