БИРИНЧИ МЕХАНИЗАТОР
Ўзбекистонда биринчи механизатор аёл Уйчи районидаги Дуркун қишлоқлик Ойимхон Дадабоева бўлди.
(«Ўзбекистон Компартияси тарихи очерклари», 237-бет)
Ҳа, ўтган аср бошларида Ўзбекистонда бошланган колхозлаштириш жараёнида хотин-қизлар ҳам фаол иштирок этишган эди. 1904 йил Дуркунда туғилган Ойимхон Дадабоева маърифат сари қадам ташлаганида 22 ёшда эди. 1926 йил 8 мартдаги паранжи ташлаш маросимида бир қанча аёллар қатори Ойимхон Дадабоева ҳам «очиққа чиқиб», турмуш ўртоғи Акрам ака билан Ласкидон қишлоғидаги «Большевик» артелига кириб ишлай бошлади. Тез кунда меҳнатсеварлиги, жамоатчилиги билан ном чиқарди. Ширкатга келтирилган илк «Фардзон» тракторини кўргач, Ойимхон опа қизиқиб қолди ва 1929 йил Намангандаги 6 ойлик тракторчилар курсида ўқиб, турмуш ўртоғи билан трактор бошқара бошлади. Шароит оғир, қишлоқ хўжалигини механизациялаштиришга янги тузум душманлари қолдиқлари зимдан тўсқинлик қилар, тракторларни бузиб қўяр эдилар. Шунга қарамай, Ойимхон опа ва сафдошлари қатъият ила ўз вазифаларини шараф билан адо этардилар. Олдинига Шўрқўрғон, Учқўрғонда ишлаган опа турмуш ўртоғи билан 1930 йилда Уйчи қишлоғида янги ташкил этилган САКУ, Сталин, Куйбишев номли, «Ленинчи йўл», «Большевик» колхозларида жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилдилар, издошлар тайёрладилар.
1935 йил эри Акрам ака Ҳамдамов вафот этгач, опа бригада механиклари тайёрлаш мактабини тамомлаб, 1950 йилгача МТСда бригада механиги бўлиб ишлади.
Зарбдор меҳнати ортидан обрў орттирган қалдирғоч механизатор 20 йил мобайнида республика, вилоят миқёсидаги қурултойлар, кенгашларда иштирок этди. 1935 йилда Акмал Икромов қўлидан патефон, 1936 йилда вилоят зарбдор колхозчилар қурултойида номи ёзилган олтин соат, «Зарбдор тракторчи» нишони, кўплаб «Фахрий ёрлиқ»лар, «Улуғ Ватан уруши йилларида қилган хизматлари учун» медали ва бошқа мукофотлар олган эди.
Кейинчалик республикада Турсуной Охунова, Инобат Охунова ва бошқа кўплаб донгдор, қаҳрамон механизаторларнинг етишиб чиқишида уйчилик биринчи механизатор Ойимхон Дадабоева асос солган мактаб муҳим роль ўйнаган эди.
Ойимхон опа 1976 йил 72 ёшида вафот этди.
Бугунги ёшларимиз, қизларимиз туманимизда фидойиларча ҳалол меҳнат қилиб, шараф топган Ойимхон Дадабоева, Саломатхон Мамадалиева, Шарофатхон Дадабоева каби ўтмишдошларидан ибрат олсалар, ғоят улуғ иш бўларди.
Набижон МАМАДАЛИЕВ,
меҳнат фахрийси,
Адиба ҲОЖИМАТОВА, туман давлат архиви кичик фонд сақловчиси.

