СИФАТЛИ УРУҒ – МЎЛ ҲОСИЛ ГАРОВИ

Юртимизда сўнгги йилларда уруғчилик соҳасини ривожлантириш борасида бир қатор давлат дастурлари ва тизимли чора-тадбирлар мажмуи ҳаётга кенг татбиқ этилиши натижасида уруғлик ғалланинг сифат миқдори доимий равишда ўсиб бораётганлигини таъкидлаш мумкин.

Бундай натижаларга эришилаётганлигининг асосий сабаблари, энг аввало, уруғчилик тизимини тўғри йўлга қўйилганлиги, ҳар бир туманнинг тупроқ иқлим шароитига мос навларни тўғри танлаб олинганлиги, омилкорлик билан жойлаштири-лаётганлиги муҳим омиллардан саналади.

Шу билан бирга, ерга қадалаётган уруғлик буғдойнинг сифати ва унувчанлиги юқори бўлгандагина экилган уруғлар ўз потенциал имкониятини юзага чиқаришини ҳам таъкидлаш жоиз. Ғаллачиликда долзарб вазифалардан бири уруғлик ғалла майдонларини дала апробация кўригидан ўтказиш ҳамда 2021 йил ҳосили учун сифатли ва сара уруғлик дон тайёрлаш масаласидир. Шу боис туманимизда ҳам ушбу тадбирга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзагроинспекциянинг туман бўлими, туман қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва қатор ҳамкорлар билан биргаликда апробация кўригидан ўтказиш мавзусидаги семинарларда ҳам бунга алоҳида эътибор қаратиляпти. Таъкидлаш жоиз, тайёрланаётган уруғликларнинг сифатини доимий яхшилаб бориш мақсадида туманда 6 та асосий нав ва 5 та янги истиқболли буғдой навлари 815 гектар ғалла майдонларига экилган, шундан 31 та тендер танловидан ўтиб, уруғлик дон етиштириб бериш ҳуқуқини қўлга киритган фермер ва уруғчилик хўжаликларида 815 гектардаги уруғлик буғдой алоҳида парвариш қилинмоқда.

Жумладан, 40 гектар «Таня», 349 гектар «Давр», 146 гектар «Аср», 104 гектар «Алексеевич», 87 гектар «Зимница», 29 гектар майдонда «Гром» навлари, шунингдек, 60 гектар майдонда дон ва дуккакли экинлар илмий тажриба станцияси томонидан кўчат кўпайтириш усулида уруғлик дон етиштирилмоқда.

Уруғлик етиштирувчи хўжаликларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида тайёрлана-диган уруғликлар учун ҳар йили устама ҳақ тўлаш жорий қилинган.

Уруғлик ғалла майдонларини дала апробация кўригидан ўтказиш бўйича 7 нафар апробатор мутахассисга керакли тавсиялар берилди. Соҳанинг олим ва мутахассислари ҳамкорликда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, 2021 йилда экиш учун серҳосил, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган асосий 6 та ва истиқболли 5 та ғалла навидан 3200 тонна сара уруғлик дон жамғариш белгилаб олинди.

Бугунги кунда уруғлик ғалла майдонларида ғалла парвариши ишлари давом этмоқда.

Ш.АЗИМОВ, Ўзагроинспекциянинг туман бўлими бошлиғи ўринбосари.