Уйчи туманининг 80 йиллигига

ТОМОРҚА – МЕҲНАТ ҚИЛГАН УЧУН ХАЗИНА

Дастлаб Янгиер маҳалласидаги хонадонлар томорқаларида ташкил этилган иссиқхоналар билан танишилди.

Абдунаби Ғофуров хонадонидаги 10 сотих ерда учта иссиқхона, мўъжаз боғ бор. Оила қуёнчилик, чорвачилик билан ҳам шуғулланади. Айни вақтда иссиқхонасида помидор пишиб етилди. Томорқа ва чорвачиликдан оила йилига 160 миллион сўмгача даромад олмоқда.

Хонадон эгасининг вилоят ҳокими билан мулоқотида шу сўзлари эътиборни тортди: «Қизим Назокат 5-синфда ўқийди. Қуёнлар парвариши билан у шуғулланади. Даромади ҳам унинг ўзига, кийим-бошига, дафтар-китобига сарфлаймиз. Меҳнатсиз пул топилмаслигини ёшликдан ўргансин».

Маҳаллада Ғофуровларга ҳавас қилиб, ундан маслаҳат ва кўмак олиб, иссиқхона ташкил қилган оилалар сони 50 нафарга яқинлашди. Яна юзга яқин хонадонда ҳам иссиқҳона барпо этилмоқда.

УЙЧИДА ИМПОРТ ЎРНИНИ БОСУВЧИ ЗАМОНАВИЙ ҚУВУРЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА

Хизиробод МФЙдаги полиэтилен қувурлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Баракот ҳиммат файз» хусусий корхонасида 60 дан ортиқ ишчи-ходим фаолият олиб боради. Ушбу корхонада полиэтилен қувурлар билан бирга, бетон қудуқлар, шлакоблок, пенаблоклар ва сув миноралари ҳам ишлаб чиқарилади. Корхона томонидан тоза ичимлик суви тармоғи тортиш ва сув миноралари ўрнатиш хизматлари ҳам йўлга қўйилган. «Обод марказ» дастури доирасида вилоят туманлари марказларида тоза ичимлик суви таъминоти бўйича амалга оширилган ишларда Уйчида ишлаб чиқарилган сув қувурларидан фойдаланилган.

Йиллик ишлаб чиқараётган маҳсулот ҳажми 12 миллиард сўмдан ортиқ бўлган «Баракот ҳиммат файз» хусусий корхонасида эндиликда мебель ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилмоқда.

ЭРОН ҚИЗИЛ МОШИ ЭКИШ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ

Вилоятимиз ҳокими туманда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар билан танишди.

Жанубий Кореянинг «Yeongin» компанияси вакиллари вилоят ҳокимига туман ҳудудидаги дала майдонларида иккинчи экин сифатида Эрон қизил моши экиш кластерини ташкил этиш ва етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаб, хорижга экспорт қилиш лойиҳасини тақдим этишди.

1 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиялар ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа доирасида 5 минг гектар майдонда йилига 15 минг тонна қизил мош етиштириш ҳамда уни қайта ишлаб, 100 фоиз Корея, Хитой ва Японияга экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Вилоятимиз раҳбари туманда иккинчи экин учун бўш ер майдонлари хорижий инвестор томонидан сўралган ҳажмда эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳани амалга ошириш учун Чортоқ, Учқўрғон ва Наманган туманларини ҳам жалб этиш бўйича кўрсатма берди.

МОМИҚ СОЧИҚЛАР РОССИЯ ВА ХИТОЙГА ЭКСПОРТ ҚИЛИНАДИ

«Atlant towels» МЧЖ қўшма корхонаси енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Мазкур корхонада умумий қиймати 15,7 млрд. сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда.

1 миллион долларлик хорижий кредит ҳамда тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобига 2020 йилнинг 4-чорагида якунланадиган мазкур лойиҳанинг самарали амалга оширилиши, аввало, туманнинг саноат салоҳияти ўсиши ҳамда ички бозордаги талаб даражасини қондириш, экспортни юксалтириш имкониятини яратади.

Туманда етиштирилаётган пахта ҳосилининг асосий қисми корхонада қайта ишланади. Йилига 400 тонна калава ип қайта ишланиб, 400 тонна тайёр момиқ сочиқ ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотнинг 85 фоизи Россия Федерацияси ва Хитойга экспортга йўналтирилган. Лойиҳанинг тўла ишга тушиши билан 120 нафар янги иш ўрни яратилади.

КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИДА 20 ДАН ОРТИҚ ЯНГИ КОРХОНА ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Юксалиш шаҳарчасидаги 8 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган майдонда кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Бу ерда ўз ишлаб чиқаришини ташкил этиш истагида бўлган тадбиркорлар билан вилоят ҳокими учрашиб, амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар билан танишди.

Кичик саноат зонасидаги 30 сотихдан иборат 24 та лот учун даъвогар лойиҳалар бир-биридан жозибали эканлиги кўзга ташланди. Тадбиркорлар вилоят ҳокимига паррандачилик кластери (парранда гўштини қайта ишлаш, колбаса ва сосиска маҳсулотлари ишлаб чиқариш), фармацевтика, мебелсозлик, полиэтилен қувурлар, рангли бўёқлар, шуруплар, черепица, гипсокартон, профнастил, мева шарбати ишлаб чиқариш, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш каби истиқболли инвестицион лойиҳаларни бирма-бир тақдим этишди. Умумий қиймати 200 миллиард сўмдан ортиқ бу лойиҳаларни амалга оширишда, асосан, тадбиркорларнинг 150 миллиардга яқин ўз маблағи жалб этилиши кўзда тутилган.

Уйчида инфратузилмаси ривожланган бундай кичик саноат зонаси ташкил этилиши натижасида 1000 га яқин бевосита иш ўрни пайдо бўлса, туманда саноатнинг янги босқичга ўтиши билан бундан ҳам кўпроқ билвосита иш ўринлари шаклланади.

ТУМАН ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗИГА ЯНГИ БИНО

Уйчи шаҳарчасида «Favorit stroy tekstil» МЧЖ томонидан давлат-хусусий шерикчилик асосида 4 млрд. сўм маблағ эвазига бунёд этилган туман Давлат хизматлари маркази биноси шаҳарча кўркига кўрк бағишлади. Уч қаватли мазкур бинонинг ертўла қисмида умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, уст қисмида савдо комплекси жойлашган бўлса, биринчи қаватдан туман Давлат хизматлари маркази ўрин олди.

Бугунги кунда тумандаги Пастгузар МФЙда 4 та тўрт қаватли, 2-3 хонали, жами 96 та хонадонга мўлжалланган янгиланган намунавий лойиҳа бўйича тураржой бинолари, давлат-хусусий шерикчилик асосида Янгичек ва Ҳуррият МФЙларда 2 та 5 қаватли уйлар қурилиши бошланган. Қолаверса, уй-жойга бўлган талаб ва истаклар юқорилиги эътиборга олиниб, Пастгузар массивида қўшимча 4 та тўрт қаватли, 2-3 хонали тураржой биноси қурилиши режалаштирилган.

Туман марказида «Файзиобод қурилиш сервис» МЧЖ томонидан 2 та етти қаватли, 80 хонадондан иборат кўп қаватли уйлар қурилиши ҳам бошланди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров туманда амалга оширилаётган қурилиш ишлари ва янги лойиҳалар билан ҳам танишди.

«ДЕВОНА БОБО» ЗИЁРАТГОҲИ ҚАЙТА ТИКЛАНМОҚДА

Вилоятимиз раҳбари Гумбаз маҳалласидаги «Девона бобо» зиёратгоҳи қурилиши билан танишди ва бу ерда нуронийлар билан суҳбатда бўлди.

Манбаларда архитектура ёдгорлиги ва зиёратгоҳ бўлган «Девона бобо» мақбарасининг XIX аср ўрталарида барпо этилгани айтилади.

Ўтган асрда бу табаррук маскан эътибордан четда қолиб, мақбаранинг олд томонида жамоа хўжалигининг маъмурий биноси жойлашган эди. Ҳозирда бу эскирган маъмурий бино тўлиқ бузилиб, «Девона бобо» мақбараси қайта таъмирланмоқда ва зиёратгоҳга айлантирилмоқда. Зиёратгоҳга ҳамоҳанг тарзда жоме масжиди қурилиши ҳам бошланган. Девона бува авлодларидан бўлган Ёқубжон ота Юсупов бошланган хайрли иш учун миннатдорчилик билдириб, дуолар қилди.

ЕРГА МЕҲР КЕРАК

Вилоятимиз раҳбари аҳоли хонадонларида бўлиб, яшаш шароитлари ҳамда томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича қилинган ишлар билан танишди. Туман ИИБ бошлиғи Ғайрат Ғаниев бошчилигидаги 3-сектор ҳудудида бу борада қилинган ишлар алоҳида эътироф этилди.

Шафтоли МФЙда истиқомат қилувчи Ғайбулло Қирғизов хонадонида ўтган йили «Ҳар бир оила тадбиркор» давлат дастури доирасида 15 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига 4 сотих ерда иккита иссиқхона ташкил этилган. Бир йилга қолмай, кредит тўла қайтарилган, оила ўтган давр ичида 20 миллион сўмдан ортиқ даромад олган. Иссиқхонани кўздан кечириб, оила вакиллари билан суҳбатлашган вилоят ҳокими: «Томорқадан даромад олиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун меҳнат қилиш, ерга меҳр керак. Мана томорқадан юқори даромад топиш учун керак бўлган асосий омил», -деб бу хонадон томорқасида қилинган ишларни юқори баҳолади.

Шу маҳалладаги кам таъминланган хонадонларнинг кўпига иссиқхона қуриб берилгани ва бу орқали оилаларда бандлик таъминлангани, хонадонларга даромад киргани, икки фарзанди билан бошпанасиз қолган аёлга уй қурилишида амалий ёрдам кўрсатилгани, ўзини фермер хўжалигига ишга жойлаштириб, ёрдам тариқасида  хонадонга 15 бош товуқ берилганини ҳам қайд этиш лозим.

ТАДБИРКОРГА ИМКОН БЕРИЛСА, БАС

Овчибулоқ МФЙ ҳудудидаги собиқ ғишт хумдони ўрнида маҳаллий тадбиркор томонидан 3,5 миллиард сўм ўз маблағи йўналтирилиши натижасида чорвачилик, боғдорчилик ва балиқчилик мажмуаси ташкил этилди.

Қисқа фурсатда амалга оширилган ишлар кўзни қувонтиради. 2,7 гектар майдонни эгаллаган мазкур ҳудудда ҳозирда 220 бош қорамол, 50 бош наслли эчки, 200 бош зотли товуқ парваришланмоқда. 40 сотих жойда сунъий ҳовуз ташкил этилиб, балиқ уруғчилиги йўлга қўйилган.

1,5 гектар майдондаги интенсив боғда Озарбайжондан келтирилган 500 туп бодом кўчати, Италиядан келтирилган 300 туп гилос, олма, шафтоли, нок кўчатлари ўтқазилиб, парваришланмоқда. Боғ қатор ораларидан ҳам самарали фойдаланилиб, ўтган йили 50 тонна картошка ҳосили олинди, бу йил 70 тонна олиш кўзланган.