ИЖТИМОИЙ ХАВФЛИ ИЛЛАТ
Коррупция ва порахўрликни ҳеч иккиланмай «тараққиёт кушандаси» деб аташ мумкин. Ҳатто Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ҳам бу иллатни энг глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этиб, унга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, БМТнинг 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенцияси халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унинг лойиҳаси икки йил давомида 130 дан ортиқ давлат иштирокида муҳокама этилган. Унда коррупцияга қарши халқаро ва миллий кураш амалиётини йўлга қўйиш ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Ўзбекистон ушбу конвенцияга 2008 йил 7 июлда қўшилган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Барча давлат ва маъмурий идораларда рухсат бериш тизими коррупция содир этилиши эҳтимоли юқори бўлган соҳалардан ҳисобланади. Шу боис кейинги йилларда ушбу соҳани қатъий тартибга солишга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимиз «Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур», -деб алоҳида таъкидлади.
Давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларнинг коррупция домига тушиб қолмасликларини таъминлаш, уларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида узоқ муддатли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилиб, ижроси доимий назорат қилиняпти.
Судлар томонидан коррупцияга қарши муросасиз кураш, одил судловни амалга ошириш, судьялик қасамёди, одоб-ахлоқига риоя қилинишини таъминлаш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, порахўрлик ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этиш ҳолларининг олдини олиш ҳамда барҳам бериш, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастури бўйича жиноят ишлари бўйича вилоят суди бир қатор ишларни амалга оширди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида очиқ мулоқотлар ва семинар машғулотлари, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар ўтказиб келинмоқда.
Бумайрам БАБАМИРЗАЕВА, жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судьяси.

