ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ – ФАРОВОНЛИК ОМИЛИ
Туманимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, пандемия шароитида бандликни таъминлаш, тадбиркорлар бир маромда фаолият кўрсатиши учун етарли шарт-шароитлар яратиб бериш бугуннинг энг долзарб масалаларидан.
Туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов ҳамда сектор раҳбарлари, масъул идоралар вакиллари маҳалла фуқаролар йиғинларида сайёр учрашувлар ташкил этишмоқда, аҳоли хонадонларига ташриф буюриб, бандликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганишмоқда. Муаммоларни ўрнида бартараф этиш чораларини кўришмоқда.
Дастлабки ташриф Ўнҳаят шаҳарчасидаги Обод маҳалла фуқаролар йиғинига бўлди. Маҳаллада 942 та хонадон бўлиб, 7348 киши истиқомат қилади. Фуқароларнинг аксарияти уй меҳнати билан шуғулланиб, даромад топади. Карантин муносабати билан асосан хорижда ишлайдиган ва ҳозирда уйига қайтиб, ишсиз бўлиб қолган 35 нафар фуқаро мавсумий ишларга жалб этилди.
Ҳудудда 48 та кам таъминланган оила рўйхатга олинган бўлиб, шундан 28 таси эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож эди. Улардан 15 нафари доимий, 8 нафари мавсумий ишга жойлаштирилди. 5 нафарининг хонадонида ногиронлиги бор фуқаролар мавжуд, улар ҳар томонлама ёрдам ва кўмакка муҳтожлиги боис доимий саховат кўрсатиб келинмоқда.
Маҳалла ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари билан танишув жараёнида «Афзал ортомед» хусусий шифохонасига ташриф буюрилди. Бу ерда ҳудуд ободончилигига эътибор анча сустлигига эътироз билдирилди.
Обод маҳалласининг «Озод» кўчасида бир неча тадбиркор томонидан новвойхона, кондитер цехи, умумий овқатланиш шохобчаси, қурилиш материаллари билан савдо қилувчи дўкон қурилди. Бироқ бу ерда канализация тармоғининг мавжуд эмаслиги айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. Тадбиркорларнинг мурожаатлари эътиборга олиниб, мазкур кўчада бунёд этилиши режалаштирилаётган Обод МФЙ маъмурий биноси қурилишида бунга алоҳида эътибор қаратиш топширилди.
Ўнҳаятда азалдан ишнинг кўзини биладиган тадбиркор ва ишбилармонлар кўпчиликни ташкил этади. Илҳомжон Усмонов ана шундай ҳамюртларимиздан. У юртимизда етиштириладиган ҳўл меваларни экспортга тайёрлаш ишлари билан шуғулланиб, бир юз олтмишга яқин маҳаллий ёшнинг бандлигини таъминлаб келмоқда.
Хонадон томорқасидан самарали фойдаланиб, рўзғори бут бўлаётган оилалар кўпайиб бораётгани ҳам қувонарлидир. «Истиқлол» кўчасида истиқомат қилувчи Муҳиддин Мўминов асосий даромади иссиқхона ва томорқадан эканлигини таъкидлаб, фаолиятини янада кенгайтирмоқчилигини билдирди. Музаффар Искандаров эса хонадонида етти хазинанинг бири паррандачилик билан шуғулланиб, яхшигина даромад топмоқда. «Кўркам» кўчасида яшовчи Абдуҳалим Юнусов бир неча йилдан бери гулчилик билан шуғулланади. Бугунги кунда ҳам унинг хонадонида кўплаб ноёб турдаги ва мавсумий гулларни учратиш мумкин. Миришкор гулчи туман ҳокими билан мулоқот давомида келгуси режалари ҳақида сўз юритиб, ер майдони ажратилса, фаолиятини кенгайтириши ва қўшимча иш ўринлари яратишини айтди.
Ўрганишлар ва тадбиркорлар билан мулоқот давомида аниқланган муаммолар ҳамда билдирилган таклифларни ижобий ҳал этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Шу куни эҳтиёжманд, кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар хонадонларига ҳам ташриф буюрилиб, уларнинг шароитлари билан танишилди ва зарур кўмак берилди. «Кўркам» кўчасида истиқомат қилувчи Маъмурахон Тўраеванинг фарзанди анчадан бери бетоб, даволаниши учун имконияти йўқ. Ёки шу кўчада яшовчи Зокиржон Камолов саломатлиги яхши бўлмаса-да, ҳалол меҳнат қилиб, даромад топишга интилади. Қўлидан келганича тадбиркорлар томонидан берилган буюртмаларни бажаради. У туман ҳокими билан мулоқот чоғида чорвачиликка қизиқишини билдирди.
Ташриф давомида туман прокурори раҳбарлигидаги 2-секторда амалга оширилиши зарур бўлган бир қатор вазифалар белгилаб олиниб, унинг ижросига киришилди. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришдир.
Муҳаммадали ҚАМБАРОВ, туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

