ПИЛЛАКОРЛАР ЗАФАРИ

Туманимиз пиллакорлари 30 май куни давлат қабул масканларига 167 тонна юқори сифатли пилла топшириб, шартномавий режани шараф билан бажардилар.

Деҳқончиликнинг ҳандалаги ҳисобланган пиллачиликдаги бу ютуқлар қатъий интизом, юксак уюшқоқлик намунаси ва туманимизнинг 85 йиллик тўйига муносиб тўёна бўлди.

Ҳар қути ипак қуртидан 55 ўрнига 57,1 килограммдан ҳосил олинди. Бу меҳнат зафарида «Бирлашган Деҳқонобод», А.Эгамбердиев номли, «Уйчи Мирзо Улуғбек» ММТПлари, «Ғайрат Хонобод чашма булоғи», «Зарбол Навоий» СИУлари ҳудудидаги фермер хўжаликлари пиллакорларининг улушлари салмоқли. Айниқса, «Муҳаммадшокир», «Мустақиллик-7», «Охунбобоев омад» фермер хўжаликлари пиллакорлари юқори натижаларга эришдилар. Шунингдек, Турсунпўлат Мирзааҳмедов («Усмонжон домла»ФХ қурт боқувчиси) 107, Маҳмуджон Алибоев («Охунбобоев омад» ФХ)127, Аҳмаджон Болтаев («Уйчи янги ер саховати» ФХ) 126, Зулфия Каримова 122, Насиба Собирова  («Муҳаммадшокир» ФХ) 132, Абдужалил Ҳамидов («Мустақиллик 7» ФХ ) 95 килограммдан ошириб ҳосил олиб, юқори натижага эришдилар.

Меҳнат зафарининг қўлга киритилишида туман ҳокимлиги, туман ҳокимининг ҳудудлардаги вакиллари, ишчи гуруҳи аъзолари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, фермер, деҳқон хўжаликларига бириктирилган маҳалла мутахассислари, пиллачиликка масъул раҳбар-мутахассисларнинг  фаолиятлари эътирофга лойиқ.

Туманимиз пиллакорлари имкониятларни чамалаб, давлатга яна 1 тоннадан зиёд пилла хом ашёси етказиб беришни ва ялпи ҳосилни 167 тоннадан оширишни кўзлашган. Зафар муборак, уйчилик пиллакорлар!