«ЮРГАН ИЗИМ, АЙТГАН СЎЗИМ ҚОЛАДИ»

(Саид Аҳмадни хотирлаб…)

Машҳур  ўзбек адиби Саид Аҳмад Ҳусанхўжаев 1920 йил 10 июнда Тошкент шаҳрининг «Самарқанд дарвоза» маҳалласида туғилган. Бу йил адибнинг 100 йиллигини нишонлаймиз. Саид Аҳмад насрнавис ва драматург, ўзбек адабиётида ҳикоя устаси сифатида танилган. Унинг кўплаб юқори бадиий маҳорат билан ёзилган новелла ва ҳажвий ҳикоялари миллий адабиётимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Мислсиз хизматлари учун адибимиз»Буюк хизматлари учун» ва «Дўстлик» орденлари ҳамда «Ўзбекистон қаҳрамони», «Ўзбекистон халқ ёзувчиси», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» каби шарафли унвонларга сазовор бўлган. Таниқли шоира Саида Зуннунова билан бахтли ҳаёт кечирган. Ёзувчининг ҳикоя, қисса ва  романларидаги қаҳрамонлар билан китобхон гўё бирга яшайди, ҳаётдан завқ олади ва, шу билан бирга, изтироб чекади. Адиб ҳар қандай китобсеварнинг қалб торини черта олади. Саид Аҳмад насрнинг деярли барча жанрларида қалам тебратди. Унинг «Қадрдон далалар», «Ҳукм», «Уфқ», «Жимжитлик», «Келинлар қўзғолони», «Куёв», «Қоракўз мажнун», «Кўприкда қолган тонг», «От билан суҳбат» каби асарлари эл орасида севиб  мутолаа қилинади.

Адиб ижодининг чўққиси саналган «Уфқ» трилогияси нафақат Саид Аҳмад ижодида, балки ХХ аср ўзбек адабиётида улкан воқеа бўлди. Асарда трилогия жанрининг ўзига хос ғоявий-бадиий хусусиятлари ва асосий жанрий белгилари яққол намоён бўлган. Асарда халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушигача, уруш даври, урушдан сўнгги йиллардаги ҳаёти қаламга олинган.

«Уфқ»нинг биринчи китоби – «Қирқ беш кун» романида Катта Фарғона канали қурилишидаги қаҳрамонона меҳнат, қудратли халқ ҳаракати ёрқин акс эттирилган. Иккинчи  китоб -«Ҳижрон кунларида» қисмида ватандошларимизнинг уруш давридаги оғир ҳаёти, кураши, ватанпарварлиги, мардлиги эҳтирос билан ҳикоя қилинган. Трилогиянинг учинчи китоби – «Уфқ бўсағасида» урушдан сўнгги дастлабки йиллардаги характерли воқеалар, қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш ҳаракати тасвирланган.

Трилогияда ўзбек халқига хос бўлган болажонлик ва ориятлилик, бағрикенглик ва фидойилик, меҳрибонлик ва эл-юрт олдидаги бурчини чуқур ҳис этиш сингари хислатлар Турсунбойнинг онаси Жаннат хола образида ёрқин акс этган. Икромжон ака сингари Жаннат хола қалбида қочоқ ўғлига нисбатан муҳаббат ва ғазаб туғён уради. Шунинг учун ҳам Абдулла Қаҳҳор: «Уфқ» қочоқ ҳақидаги роман эмас, аксинча, қочоқни бағрига сиғдира олмаган халқ ҳақидаги асардир», -деб бу романга юқори баҳо берган эди. Асар рус ва инглиз тилларига бир неча бор таржима қилинган.

Нафақат ўзбек адабиёти, балки жаҳон адабиётида Саид Аҳмаднинг серқирра ва бой асарлари адиблар учун ижод мактаби вазифасини ўтаган. Тақдир, қисмат шундай буюк ижодкорни 2007 йил 5 декбарда 87 ёшида ҳаётдан олиб кетди.

2013 йил 10 июнь куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон миллий боғида Саид Аҳмад ҳамда Саида Зуннуноваларнинг ҳайкаллари ўрнатилди. Адибнинг ўзи айтганидек, ҳар бир китобхон қалбида босган излари, айтган сўзлари қолди.

Сайёра ХУДАЙБЕРДИЕВА, 6-мактабнинг ўзбек тили фани ўқитувчиси.