ЁШЛАР – КЕЛАЖАГИМИЗ
Орзулари осмон қадар юксак ёшларнинг нигоҳларига ҳеч боққанмисиз? Уларнинг нигоҳларида шижоат, интилиш, эртанги кунга умид мужассам. Ўқишга, ўрганишга интилиш кучли. Юракларида туганмас иштиёқ бор уларнинг.
Дарҳақиқат, пухта билим олган, одоб-ахлоқли мактаб битирувчиларига қараб, уларга ҳавас қиламан. Энди улар замонавий лицей ва коллеж ҳамда олий ўқув юртларида таҳсил оладилар. Уларнинг ўз билимларини мустаҳкамлашлари, изланишлари, иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча имкониятлар яратилган.
Бу озод ва обод юрт ёшларининг бахтидир. Келажагимиз эгалари бўлган ана шу ўғил-қизларимиз ўз олдиларига аниқ ва эзгу мақсад қўя билишлари, яратилган шарт-шароитлардан оқилона фойдалана олишлари керак.
Эртанинг пойдевори бугундан қўйилади. Демак, бугунги ёшлар ўқиб, ўрганишдан толмасликлари, келажакда турли соҳаларнинг етук мутахассиси, ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб улғайишлари зарур. Шундагина улар юрт равнақига муносиб ҳисса қўшадилар.
Истар эдимки, ана шундай улуғ мақсад, яъни юртга, ота-онасига муносиб фарзанд бўлиш барча ёшларимизга насиб этсин. Ота-оналар, биз – устозлар уларнинг камолидан, ютуқларидан ҳамиша қувониб юрайлик.
Шогирдларимга, барча ёшларга келгусидаги ўқишларида, ҳаёт деб аталмиш уммоннинг турли синовларидан ҳамиша соғ-омон ўтишларида омад ёр бўлишини тилайман.
Элёрбек УЗОҚОВ, 33-мактаб ўқитувчиси.

