ИМКОНИ ЙЎҚМИ ЁКИ …

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 ноябрдаги «Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5580-сонли Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 95-сонли қарори бўйича туманимизда қайдай ишлар амалга оширилмоқда? Бу ишлар қониқарлими ёки фуқаролар муносабати қандай, деган саволлар юзага келиши мумкин. Негаки, туманимиз марказида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун шароитлар мавжуд эмас.

Биргина мисол қилиб, туманимиз марказидаги Ҳуррият ва Боғ МФЙларда жойлашган Амир Темур кўчасини олайлик. 36-мактаб атрофида ва туман ҳокимлиги олдидаги чорраҳагача бўлган ҳудудда чиқиндиларни тўплаш ёки ташлаш учун махсус жой ва қутилар йўқ. Энг аввало, чиқиндилардан бирламчи ишлов, яъни қайта ишлов бериш орқали маҳсулотлар олиш мумкинлигини эсимиздан чиқариб қўйдик, шекилли. Чиқиндиларни турига ажратишни ҳеч йўлга қўя олмадик. Яна мисол тариқасида Навоий вилоятида тадбиркорларимиз томонидан Ўзбекистон ва Япония давлати билан ҳамкорликда чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси ишга туширилди. Қарангки, ушбу корхонада 1 дона 0,5 литрли сув идишидан 1 дона галстук ишлаб чиқариш учун синтетик тола олинар экан. 7 дона 1 литрли сув идишидан эса 1 дона костюм-шим учун зарур синтетик тола олинаркан. Нега вилоятимизда ёки туманимизда бундай тадбиркорлар йўқ? Ёшларимиз иш йўқ, деб баҳона қилмай, шундай бизнесни ривожлантирсалар, бу орқали қанчадан-қанча фуқароларимиз иш билан таъминланарди.  Сиз бунга нима дейсиз?

Азизбек АБДУҒАНИЕВ, Warm-news.uz  ахборот портали админстратори, блогер.