МАЪРИФАТИ КУЧЛИ РАҲБАР
Кимки ёшликдан китобга, санъатга меҳр қўйса, қалби пок, нияти ҳалол, амали эзгулик бўлиб улғаяр экан. Бунга ҳаётда мисоллар кўп. Шундайлардан бири, шубҳасиз, туманимиз тиббиёти дарғаларидан бўлмиш Боймирза ака Холматовдир. «Камтарлик кўкка етказар», -деганларининг исботини ҳам шу инсон мисолида кўриш мумкин.
1935 йилда камбағал деҳқон оиласида туғилган Боймирза ака уруш туфайли мактабга ўн ёшидан борди. Ундаги билимга иштиёқ, тиришқоқлик тезда намоён бўла бошлади. 7-синфни тамомлаб, 1952 йил Наманган фельдшер-акушерлар тайёрлаш мактабига ўқишга кириб, 1956 йил тамомлади. Аъло ўқиганлиги, бадиий жамоадаги фаоллиги ўша даврларда берилган «Фахрий ёрлиқ»ларда намоён.
Меҳнат фаолияти Бирлашган ҚВПда мудирликдан бошланган. 15 йил давомида уни ҳаммавақт оғир участкаларга, масъулиятли вазифаларга қўйилган ва доимо билими, иқтидори, ташкилотчилиги туфайли бурчини садоқат билан адо этган.
Туманда олий маълумотли врачлар етишмаслиги боис Боймирза ака 1963 йил Андижон давлат медицина институтига ўқишга кириб, 1970 йил муваффақиятли тамомлади ва терапевт врач бўлиб ишлай бошлади.
Тезда поликлиника мудири, бош врач ўринбосари вазифаларида ҳам маҳоратини намойиш қилгач, уни ишонч билан 1975 йилдан марказий касалхона бош врачи этиб тайинланди.
Туман тиббиёти юксалиши шу даврдан бошланди, десак, хато бўлмайди. Янги раҳбар асосий эътиборни моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўсиб бораётган аҳолининг тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини қоплаш ишига қаратди. Ихтисослашган тиббий ёрдам, болалик ва оналикни муҳофаза қилиш ишига жиддий ёндашди. Натижада марказий шифохонада 60 ўринли болалар, 100 ўринли намунавий туғруқхона бўлимлари, 40 ўринли асаб касалликлари, 65 ўринли лор ва кўз касалликлари бўлимлари учун бинолар қурилди. Физиотерапия, қабулхона, тез ёрдам, қон қуйиш, жонлантириш, кардиология бўлимлари ташкил этилди, наркологик хизмат йўлга қўйилди. Болалар поликлиниикаси алоҳида ажратилди.
Қизилравотда 100 ўринли қишлоқ касалхонаси, Машад ва Жийдакапада 60 ўринли стационар, стоматология поликлиникалари қурилиб, ишга туширилди.
4 та стерилизация пункти, жарроҳлик, бў-лимларда тунги навбатчиликлар ташкил этилди. ФАПлар сони 10 тадан 39 тага, ҚВАлар 3 тадан 10 тага етказилди, марказлашган сутли таомлар ошхонаси фаолияти йўлга қўйилди.
Шифохоналарда ўринлар сони ҳар 10000 аҳоли сонига нисбатан 76 тадан 93 тага, врачлар сони 8 нафардан 15 нафарга етди.
Энг асосийси, болалар ўлими 76 тадан 29 тага тушишига эришилдики, бу республикада энг юқори кўрсаткич эди.
Бу салмоқли ишлар ўз-ўзидан бўлмади. Унинг замирида Боймирза аканинг шиддатли саъй-ҳаракатлари, чуқур билими, катта ҳаётий тажрибаси, асосийси, жамоани якдил, аҳил ҳолатда, ўзига гард юқтирмай бошқариши ва самимийлиги ётади.
Раҳбар томонидан кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга берилган эътибор натижасида шу даврда кўплаб иқтидорли мутахассислар, раҳбарлар етишиб чиқди. Улардан Муҳаммадюсуф Раҳмонов ва Неъматилла Қирғизбоевлар бир неча йиллар вилоят соғлиқни сақлаш тизимига раҳбарлик қилдилар.
Боймирза ака Холматов роппа-роса 21 йил туман тиббиётини оқилона ва одилона бошқариб, эл-юрт ҳурмат-эътиборини қозонган эди.
Фидокорона меҳнатлари учун 1981 йилда «Ҳурмат белгиси» ордени, «Х беш йиллик ғолиби» нишони, 1985 йил «СССР соғлиқни сақлаш аълочиси», 1992 йил «Мустақиллик» эсдалик нишони, 1995 йил «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» унвонлари билан тақдирланганди. 21 йил муттасил туман Кенгаши депутати сифатида муайян эзгу ишларни амалга оширганлиги ҳам диққатга сазовор.
Боймирза ака турмуш ўртоғи Мукаррамхон (опа ҳам тиббиёт ходими эдилар) билан салкам 60 йил намунали оила соҳиблари сифатида ибратли ҳаёт кечирди. Ўғиллари Баҳодир, Ботиржон, қизлари Ойтожихонлар ота-она касбини эгаллаб, халқ саломатлиги йўлида жонбозлик кўрсатиб келмоқдалар. Бахтиёр эса маданият ходими бўлиб етишди.
Сўнгсўз ўрнида: 1993 йил мен Наманган саноат-технология (ҳозирги қурилиш технология) институтида эски ўзбек ёзувидан дарс берардим. Кунларнинг бирида Боймирза ака йўқлаб қолдилар. Учрашдик.
-Домла, эски ўзбек ёзувини ўқитяпсиз экан. Илтимосимиз бор, бизни ҳам ўқитсангиз. Насиб қилса, пенсия ёшига етсак, мусулмонмиз, «Қуръон» ўқиш ҳар биримиз учун фарздир. Шунинг учун ишдан ташқари вақтда келиб, бизга ҳарф танитинг, -дедилар. Рози бўлдим. 1,5 ой мобайнида 35 нафар тиббиётчи Боймирза ака бошчилигида араб ёзувини ўрганишди. Ниятларига яраша пенсионерлик йиллари «Қуръон» мутолаасига мушарраф бўлдилар. Бу тадбир солиҳ инсоннинг маърифатпарварлигидан нишона эди. Ўринбой МЎМИНОВ.

