СУЮНЧИ ПУЛИ УЧУН ПЕНСИЯ ЖАМҒАРМАСИГА БОРИШ ШАРТ ЭМАС
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 31 январдаги ПФ-5930-сонли Фармонига мувофиқ ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 23 май санасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан қуйидаги регламентлар тасдиқланди:
-фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақани тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш;
-дафн пули учун нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш;
-пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжудлиги ҳақида маълумотнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш;
-пенсия ва нафақа миқдори тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш.
Яъни, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб фуқаролар фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа (суюнчи пули) ва дафн маросими учун нафақа тайинлаш, шунингдек, пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжудлиги ҳақида ҳамда пенсия ва нафақа миқдори тўғрисидаги маълумотномаларни Давлат хизматлари маркази(ДХМ)га борган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали олиш мумкин.
Бунда барча ишловчи ва ишламайдиган фуқаролар бола туғилган кундан 6 ой ичида, дафн этиш нафақасини эса вафот этган кундан 60 кун ичида ДХМга ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилишлари лозим бўлади. Тегишли сўровнома бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига юборилади. Пенсия жамғармаси, ўз навбатида, нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Нафақа тайинланган тақдирда нафақани қачон ва қаердан олиш тўғрисидаги маълумот, нафақа тайинлаш рад қилинганда, рад этиш сабаблари кўрсатилган маълумот тегишли ДХМга ёки ЯИДХПга электрон тарзда юборилади.
Давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.
О.МАҲМУДОВ,
бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими бош ҳуқуқшунос маслаҳатчиси,
Муҳаммадали ШОҚАЛАМОВ, туман давлат хизматлари маркази бош мутахассиси.

