ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Юртимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ коррупцияга қарши кураш масалаларига жиддий эътибор бериб келинади. Ўтган давр мобайнида юртимизда бу борада қатор халқаро ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 24 июнда «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниб, ўша йилнинг 27 июнида Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди ва 2008 йил 28 августдан кучга кирди. Бу билан давлатимиз ушбу ғайриижтимоий иллатнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олди. 2010 йилда мамлакатимиз Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг коррупцияга қарши кураш бўйича Истамбул ҳаракатлар режасига қўшилди.

Мазкур йўналишдаги эътиборга молик ишлардан бири, бу – мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг яхлит тизими яратилганидир. 2017 йилда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши эса давлат аппарати ва фуқаролик жамияти институтларининг ушбу хавфли иллатга қарши курашдаги куч ва имкониятларини бирлаштиришда муҳим омил бўлиб, жамиятимизда мазкур иллатнинг пайини қирқишда янги босқични бошлаб берди. Мазкур қонун билан коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, инсон ҳуқуқларини бузиш, таъмагирлик сингари жирканч ҳолатларга йўл қўйганлик учун қатъий жазо муқаррарлиги белгиланди. Натижада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолият мазмуни бутунлай ўзгарди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашнинг мутлақо янги тизими яратилди. Фақат жазолаш билан қўрқитиб, ҳуқуқбузарликларнинг оқибатига қарши курашиш эмас, балки ноқонуний ҳаракатлар содир этилишининг барвақт олдини олиш энг долзарб вазифага айланди.

Юртимизнинг вилоят, шаҳар ва туманларида коррупцияга қарши кураш бўйича идоралараро комиссия тузилиб, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бевосита прокуратура ходимлари томонидан аҳоли, давлат органлари ходимлари ҳамда тадбиркорлар билан кўплаб учрашув, давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда.

Коррупциянинг олдини олишда ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан қўлни-қўлга бериб, дадил, шижоат билан ишлаш талаб этилади.

Хулоса қилиб айтганда, жамият тушови, тараққиёт кушандаси, одамларни йўлдан оздирувчи қабоҳат – коррупция аталмиш жиноятга қарши кескин курашиш, унинг йўлига қатъий тўсиқ қўйиш эртанги кунимизнинг фаровонлигида, халқимизнинг давлатимиздан рози бўлиб яшашида муҳим аҳамият касб этади.

Қудрад ЭГАМБЕРДИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси халқаро-ҳуқуқий масалалар бошқармаси катта прокурори.