«ЁШЛАР ВА КИТОБХОНЛИК»

Бугунги ёшларимиз ўз халқининг маънавий қадрияти, тарихи, адабиёти ва санъатини қанчалар мукаммал билса, бу рўйи заминда ўз ўрни ва мавқеини, келажагини шунчалар мустаҳкамлаб олади. Бунга фақат ва фақат китобхонлик ва мутолаа, тинимсиз изланишлар эвазига эришиш мумкин. Демак, китоб келажакка йўл очади. Келажак эса бугундан бошланади.

6-мактабда ташкил этилган «Ёшлар ва китобхонлик» мавзусидаги семинар-тренингда айни шу ҳақда сўз борди. «Уйчинома» газетаси таҳририяти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган «Китобхон миллат» мавзуидаги давлат гранти лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур тренингда китобхонликни ривожлантириш, ҳар бир оилада бунга асосий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбир якунида лойиҳа раҳбари Муҳаммадали Қамбаров, ижодкор Ўринбой Мўминов фаол иштирокчиларга китоблар совға қилишди.

Дилфуза ТОЖИБОЕВА, 14-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.