АҲОЛИ ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ МАНФААТЛАРИ ЙЎЛИДА
Ҳаммамизга маълумки, коронавирус инфекциясининг тарқалиши дунё мамлакатларининг иқтисодиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, Ўзбекистон ҳам бу таъсирдан четда қолмади.
Бироқ давлатимиз раҳбари, муҳтарам Президентимиз томонидан коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. 2020 йил 20 майда қабул қилинган «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4720-сонли қарор шулар жумласидандир.
«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиявий ресурслар билан таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини ошириш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банкининг «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча равишда 100 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар ажратилиб, қуйидаги ваколатли банклар орқали йўналтириш кўзда тутилди: Хусусан,
-«Агробанк» АТБга – 40 миллион АҚШ доллари;
-АТ Халқ банкига – 30 миллион АҚШ доллари;
-«Микрокредитбанк» АТБга – 30 миллион АҚШ доллари эквивалентида.
Мазкур қарорга асосан, қўшимча маблағларни ажратиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4498-сонли қарорида белгиланган тартиб ва шартларда Жамғарма ҳамда ваколатли банклар ўртасида тузилган кредит шартномаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ажратилиши кўзда тутилган 1 трлн. сўмдан, биринчи босқичда 500 млрд. сўм миқдоридаги ресурс банкларнинг жойлардаги филиалларига етказилди.
Жорий йилнинг 1 июнидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида кредитлар ажратиш бўйича соддалаштирилган механизм жорий этилди. Хусусан, маҳсулотларни етказиб берувчи (хизматлар кўрсатувчи) таъминотчилар рўйхатини тасдиқлаш амалиёти бекор қилиниши ва фақат наслли чорва моллари (қорамол, қўй, эчки) етказиб берувчилар рўйхати уларнинг етарлича имкониятлари мавжудлиги инобатга олинган ҳолда тасдиқланиши;
-туман сектори раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда кредит олиш истагини билдирган шахсларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ўрганиб, уларни молиялаштириш учун тавсиянома бериши;
-базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробаригача кредит ажратишга вилоят марказлари томонидан хулоса берилиши талаб этилмаган ҳолда, туман (шаҳар) марказларининг хулосалари қабул қилиниши ҳамда ушбу хулосалар туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосари ва тегишли банк филиали бошқарувчиси томонидан белгиланган тартибда маъқулланиши етарли эканлиги белгилаб қўйилди.
Толибжон МИРЗАБОЕВ, тумандаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири.

