ДАФН МАРОСИМИ УЧУН НАФАҚА ОЛИШНИНГ ЯНГИ ТАРТИБИ
Жорий йилнинг 23 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 327-сонли қарори қабул қилинди.
Қарор билан бир неча турдаги давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди.
Дафн маросими учун нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти шулар жумласидандир. Хусусан, мазкур регламент дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган шахсларни давлат хизматлари марказлари орқали дафн маросимларини ўтказиш учун бериладиган нафақа пулини тайинлаш юзасидан мурожаат этиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.
Дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган шахс – марҳумнинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошлари ёки қонуний вакили, бундай шахслар бўлмаган тақдирда эса – дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган бошқа жисмоний шахсдир.
Давлат хизматлари давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, яъни ваколатли орган томонидан кўрсатилади ва нафақа пули нафақани етказиб бериш юкланган ташкилот томонидан тўланади. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасидаги идоралараро электрон ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
Ариза берувчи дафн маросимларини ўтказиш учун бериладиган бир марталик нафақа пулини тайинлаш юзасидан Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади, лекин бунда фуқаро вафот этгандан кейин 60 кун ичида мурожаат қилиниши лозим. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан белгиланган шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимига юборади. Бунда давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.
Сўровнома олингандан сўнг Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими дафн этишга нафақа тайинлаш ёки рад этиш ҳақидаги тегишли қарор қабул қилади. Бунда ариза берувчи томонидан сўровномада нотўғри маълумотларнинг кўрсатилиши ёки уни тасдиқлаш рад этилиши давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Нафақа тайинланган тақдирда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими нафақани қачон ва қаердан олиш ҳақидаги маълумотни тегишли Давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига электрон юборади. Нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда рад этиш сабаблари ҳақидаги маълумотлар ҳам юқоридаги идора ва манзилларга юборилади.
Сўнгги босқичда Давлат хизматлари маркази нафақа тайинланган ёки рад этилганлиги тўғрисида ариза берувчини хабардор қилади.
Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди. Ариза берувчилар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
Баҳодир ҚОДИРОВ, туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.

