КИТОБ – МИСОЛИ ОФТОБ

Ҳозирги кунимизда китоб ўқиш, уни ёзиш учун имкониятлар жуда ортиб кетди. Илгари китобни фақат шоир, ёзувчи ёки олим ёзади, деб тасаввур қилинган. Бошқалар уни ёзишга жазм этмаганлар. Бугунга келиб ўқувчи-ю ўқитувчи, муҳандису пенсионер, хуллас, хоҳлаган одам китоб ёзяпти. Китоб нашр қилиш ҳам ортиб кетди. Китобхон (ўқувчи) олдида яхши китобни танлаб олиш масаласи ҳам пайдо бўлди. Электрон нашрларнинг яратилиши жамият аъзоларига ҳам қулайлик туғдиряпти, ҳам китобат ишига салбий таъсир қиляпти.

Айримлар китоб нашрига зарурат қолмаётганини айтиб, бу ишни компьютерга юклаш лозимлиги ғоясини олға суряпти. Менимча, бундай пайтда ғоят эҳтиёткорлик ва ақл билан иш кўрмоқ лозим.

Нима бўлганда ҳам китоб нашри давом этиши керак. У безарар, хоҳлаган пайтда зарур бетни очиб ўқиш мумкин. Уни сақлаш ҳам оддий иш. Токча ёки жавонга териб қўйилса, хонани безаб ҳам туради. Китобнинг муқаддаслигига эътибор қаратиш жуда муҳим. «Қуръони карим» ҳам китоб, у бор жой ғоят файзли, баракали, бехатар бўлиши аллақачон исботланган. «Китоб» сўзи «Қуръон»да жуда кўп ўринларда келади. Ўтмишимиздан мерос китобларнинг бугунги ҳаётимиздаги аҳамиятини ҳам унутмаслик лозим. Китоб бизга илм бериш билан бирга тарбиялайди, қалбларимизни равшан этади.

Шу ўринда бугунги китоб савдоси ҳақида баъзи фикрларим бор. Туманимиз марказида китоб дўкони бўлса-да, у ерда зарур адабиётлар топилмайди. Айниқса, услубий, илмий асарлар, луғатлар, тарбияга оид қўлланмалар йўқ. Дўкон ҳам кичик, тор. Каттароқ китоб дўкони ташкил этилса, сотувчилар имкон қадар китоб бўйича мутахассислар  (кутубхоначи, библиограф ва ҳ.) бўлса, айни муддао бўларди.

Азизлар, китоб ўқинг, унга ошно бўлинг, ғафлатда қолмай, дунё, жамият ишларидан воқиф бўлинг. Китоб бамисоли офтоб каби ҳам йўлингизни, ҳам дилингизни ёритсин.

Умида АБДУРАҲМОНОВА, 23-мактаб ўқитувчиси.