«МАДАД» ННТ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ?
Саволларга туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Нодирбек Ҳасанов жавоб беради.
Савол: -«Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) қандай ташкилот?
Жавоб: -«Мадад» ННТ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан аҳолига ҳуқуқий маслаҳат ҳамда амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотидир.
Савол: -«Мадад» ННТ республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида ташкил этилганми?
Жавоб: -Юқоридаги қарорга асосан ҳар бир туман (шаҳар)да босқичма-босқич «Мадад» ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилиши белгиланган. Бугунги кун ҳолатига вилоятимизнинг Поп, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида «Мадад» ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилган бўлиб, бундай бюролар вилоятимизнинг қолган туманларида ҳам тез орада ташкил этилиши кутилмоқда.
Савол: -«Мадад» ННТнинг туман ва шаҳарларда ташкил этилган маслаҳат бюроларидан ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ҳуқуқий ёрдамлар олиш пулликми?
Жавоб: -Фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар ва амалий ҳуқуқий ёрдамлар мутлақо бепул асосда.
Савол: -Ҳуқуқий маслаҳатларни масофадан туриб олса ҳам бўладими? Жавоб: -Албатта, бевосита ҳамда онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат берилади. «Мадад» ННТга онлайн равишда www.advice.uz портали орқали мурожаат қилиш ҳам мумкин.

