МАКТАБГА ИЛК ҚАДАМ ТУРЛИЧА КЕЧАДИ

Мактабнинг 1-синфига қабул қилинган болалар орасида МТТ гуруҳлари тарбияланувчилари билан оиладан келган болалар  ўртасида  тафовут сезилиб туради. Бу нимада кўзга ташланади? Аввало, мактаб ҳаётига боғча  боласи тез мослашади, қизиқиши кучлироқ бўлади. Бунга сабаб аввалги гуруҳ тарбияланувчисига нисбатан эркинлигини ҳис этади. Энди кечки пайтгача эмас, 3-4 академик соатгина назорат остида бўлади. Демак, унинг «юки» енгиллагандай ҳис этади ўзини. Қолаверса, машғулотлардаги илк сабоқ билан танишиб улгурган. Ўқув йилининг биринчи чораги унга билимларини такрорлашдай туюлади. Хонадонда улғайган бола эркинроқ ўсганлиги боис, бир қарашда мактаб ҳаёти унинг озодлигини чеклаб қўйгандай таассурот уйғотади. Бундан ташқари, 1,2 ни қўшиб-айириш, ҳарфларни ёза олиш кўникмасига эга тенгқурлари орасида ўзини ноқулай ҳис этиши табиий. Шу боис, болаларнинг тайёрлов  гуруҳида  тарбиялангани ҳар  томонлама қулай ва самарали йўл. Бироқ мактабгача таълим ташкилоти остонасини ислоҳот ва замон кўрмаган ўқувчи фанларни ўзлаштиришда  ортда қолади, деган хулоса мутлақо янглиш тушунча. Боланинг ўқиши пасайишига кўп ҳолларда юқорида биз тилга олган жиҳатлар роль ўйнайди.

Бундай ўқувчиларнинг иқтидор ва қобилиятларини юзага чиқаришда, албатта, педагог маҳорати катта аҳамиятга эга. Ўқитувчи тез орада боланинг ишончига кира олса, унинг суянчи ва таянчи бўлади, мактаб эса мурғак қалб ҳаётининг ажралмас бир қисмига айланади. Шундагина муаллима ўз олдига қўйган мақсади сари тўғри йўлга тушиб олган саналади.

Нодира ҚЎЧҚОРОВА, 8-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.