НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ФУҚАРОЛАРГА ҚАРАГАНЛАРГА МЕҲНАТ СТАЖИ ЁЗИЛАДИ

Президентимиз бошчилигида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, фуқароларимизга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизмат сифатини юксалтириш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий муҳофазага биринчи галда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қараб турган фуқаролар алоҳида эътиборга олинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат пенсияла-рини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 35-бандига мувофиқ I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек, 80 ёшга тўлган қарияга қараб туриш вақти пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига фақат қараб турган ва қараб туришга муҳтож бўлган шахс билан бирга яшаган шахслардан бирига қўшиб ҳисобланиши белгиланган.

Мазкур Низомнинг 65-бандига асосан I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача ногирон болага, шунингдек, 80 ёшга тўлган кексаларга қараб туриш вақти қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси, ногиронликда бўлганликни (I гуруҳ ногиронлари ва ногирон болалар учун), ёшни (кексалар ва ногирон болалар учун) тасдиқлайдиган ҳужжатлар ва ўзганинг парвариши зарурлиги тўғрисида (кексалар учун) даволаш муассасасининг тиббий хулосаси асосида белгиланади.

Қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан олинган маълумотлар ва қараб турилган шахслардан, шунингдек, уларнинг қўшниларидан сўраб чиқиш асосида Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тузилади. I гуруҳ ногиронига ёки 80 ёшга тўлган кексаларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаларини расмийлаштиришнинг даврийлиги ҳар 12 ойга белгиланади. Қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномалари I гуруҳ ногирони ёки 80 ёшга тўлган кексаларнинг пенсия ишига тикиб қўйилади ва қараб турган шахсга пенсия тайинлашда иш стажига киритиш учун асос ҳисобланади.

Д.УМИРЗАҚОВА, БТПЖ туман бўлими пенсия ва нафақалар тайинлаш гуруҳининг 1-тоифали инспектори.